Дуо
Ўзинг яратгувчи, ўзингсан Холиқ,
Ўзинг энг буюк зот, ҳар нега қодир.
Бору йўқлигимиз Ўзингга боғлиқ,
Измингсиз ҳеч нарса бўлмайди содир.
Сен деб ёлворганга бағишла ҳузур,
Гуноҳкор бандангни ҳақ сари йўлла.
Қалбларга сингдиргин имон, зиё, нур,
Мени ҳам қўлла.
Номардга инсоф бер, фосиққа идрок,
Ногоҳ эгилмасин ғарибнинг боши.
Қиёмат кунида юзлансинлар пок,
Ҳеч кимни эзмасин маломат тоши.
Тонгда қуёш чиқиб, тунда ой кулсин,
Ҳеч зоғ адашмасин аросат йўлда.
Кишанла шайтонни, ҳаддини билсин,
Мени ҳам қўлла.
Муҳтожга ризқ бергин, фақирга давлат,
Бир чимдим фаросат ақли ноқисга.
Сердавлат бандангга инсоф, диёнат,
Оқилнинг умрини қилмагин қисқа.
Ўзингдан сўрганни қилма ноумид,
Ҳақ йўлга чиққанни қолдирма дўлда.
Ёлғиз ташлаб қўйма, келганда маврид,
Мени ҳам қўлла.
Беморга шифо бер, ёлғизга шерик,
Ноҳақ тўкилмасин етимнинг ёши.
Қалбларни тарк этсин хавотир, ҳадик,
Тоабад нур сочсин имон қуёши.
Гуноҳин кечиргин Бани Одамнинг,
Сиҳат бер дуога очилган қўлга.
Балодан асрагин бутун оламни,
Мени ҳам қўлла.
Ўзингдан ўзгага қилмагин муҳтож,
Борида шукр бер, йўғида сабр.
Элга бахт ато эт, улусга ривож
Бошидан кетмасин Лайлатул Қадр.
Қушлар қанот қоқсин мовий самода,
Салавот айтишсин балиқлар кўлда.
Қабоҳат, разолат битсин дунёда,
Мени ҳам қўлла.
Жаҳонгир ШАРОФБОЕВ,
Боёвут тумани
“Ҳидоят” журналидан