Ҳалол-ҳаромни ўргатиш нақадар муҳим!
Бир иллат бор, у қотиллик, зино, ўғирлик каби разилликлар, қабоҳатлар калитидир. У на дин билади, на миллат. Ҳар қандай жамиятни емириб, эркагу аёл, ёшу қарини бирдек домига тортиб, икки дунёсини куйдиради. Унинг касрига болалар етиму мажруҳ, оилалар пароканда, фарзандлар оқпадар, ёшлар бевақт ҳаётдан кўз юмади. Унга аср вабоси дея таъриф берилиши ҳам бежиз эмас.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, сўнгги йилларда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар сони тобора ортмоқда. Хусусан, ўтган йили дунё бўйлаб 15–64 ёшгача бўлган аҳолининг қарийб 5,5 фоизи илк бор гиёҳванд модда истеъмол қилган бўлса, 36 ярим миллион киши гиёҳвандликка мубтало бўлган. 2030 йилга бориб, дунё бўйича заққум истеъмолчилари 11 фоизга ошиши тахмин қилинмоқда. Афсуски, бу борада республикамизда ҳам ҳолат қониқарли эмас.
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент шаҳар филиали маълумотларига кўра, гиёҳванд модда истеъмол қилувчилар 2019 йилда салкам уч, 2020 йилда эса тўрт фоизга яқинлашган. Рақамларнинг бундай ўсиши таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг ҳам сезиларли кўпайиши билан боғлиқ. Афсуски, кейинги пайтда бу дори воситаларига ружу қўйиш ҳолатлари ҳам борган сари кўпаймоқда.
Ачинарлиси, уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этмоқда. Сабаби, уларнинг қизиқувчан, янгиликка ўч бўлган ҳолда, иродасизлигидир. Бу эса заҳри қотил таъсирига тушиш учун етарли омил бўлмоқда.
Агар бирор кашандадан чекишни қачон бошлаганини сўрасангиз, аксарияти ёшлигида қизиқиб тамаки тутатган, кейин бунга ўрганиб қолганини таъкидлайди. Гиёҳвандлик ҳам ана шу оддий қизиқишдан бошланиб, кейинчалик ёмон оқибат билан якунланади. Буни била туриб амал қилмайдиганлар орамизда топилади. Бунинг ҳаётий мисолларини ён-атрофимизда, маҳаллаю қишлоқларда кўриш мумкин.
Шу кунларда ҳам баъзан мактаблар ёнидан ўтарканман, бир бурчакда яширинча тамаки тутаётган ўсмирларга кўзим тушади. Уларни кўриб, айрим синфдошларимни эслайман.
Синфимизда ҳам уч-тўрт нафар тамаки чекувчилар бўларди. Уларнинг ёшликдаги қизиқиши йиллар ўтиб одатга, кейинчалик иллатга айланди. Яъни, яширинча чеккан, пиво ичган йигитлар йиллар ўтиб, ўткир таъсир қилувчи моддаларни татиб кўришди. Натижада ҳаёт йўлларида кўп бор адашишди, йиқилишди, на оила, на ватан қилишди. Ҳеч вақо кўрмай дунёдан ўтиб кетганлари ҳам бор.
Албатта, ҳеч ким фарзанди гиёҳванд бўлишини истамайди. Бироқ бангилар қаердан пайдо бўляпти?
Бунинг сабаблари ўрганилганда, аввало, инсонларнинг руҳиятидаги салбий кечинмалар ва генетик мойилликлар омил бўлаётгани аниқланган. Хусусан, муаммолар ва қийинчиликлардан қочиш, фарзанд тарбиясига эътиборсизлик, болани ҳаддан ортиқ эркалаш, ички кечинмалар, қизиқувчанлик, ўз ҳаётидан қониқмаслик, турли низолар, ёлғизлик каби омиллар гиёҳвандликка туртки бераркан.
“Ҳидоят” журналидан