Қаҳратон+жазирама=аномал

Ярим аср аввал ҳам қаттиқ совуқлар бўларди. Қор кўп ёққанидан ўқувчилар йўллар очилгунига қадар уч-тўрт кун мактабга боролмай қолишарди. Эшикнинг тутгичини ушласангиз, қўлингиз ёпишиб қоларди. Ўша қақшатгич совуқни “қаҳратон” дердилар.
Ўша вақтлар ёзда шунчалик иссиқ бўлардики, қиём вақтларида кўча-кўйда инсон зотини кўрмасдингиз, чирилдоқларнинг ҳам овози ўчиб қоларди. Уни “жазирама” дердилар.
Бу сифатлар яқин-яқинларгача ҳам истеъмолда эди, адашмасам. Аммо бурноғи йилги ёз фаслидан бошлаб қаҳратонни ҳам, жазирамани ҳам битта ном билан “аномал” дейиш урфга айланди: аномал иссиқ, аномал совуқ.
Биз қаттиқ совуқнинг сифати бўлган “қаҳратон”ни; ашаддий иссиқнинг сифати бўлган “жазирама”ни юнончадаги битта “аномалия”га (меъёридан ортиқ) алиштириб олдик. Она тилимиздаги иккита сўзни битта бегона сўзга. Қаранг, ҳар доимги одатимизга кўра, сўз бозорида ҳам иккига бир ҳисобда зараримизга савдо қиляпмиз. Қандай ажойиб миллатмиз!
Дамин ЖУМАҚУЛ