Лаънатнинг ортга қайтиши
Тобеин авлодидан бўлган Айзар ибн Жарвал ал-Ҳадрамий ҳикоя қилади:
Абу Умайр ал-Ҳадрамий Абдуллоҳ ибн Масъуднинг яқин дўсти эди. Бир куни Ибн Масъуд уни зиёрат этмоқ учун уйига борди. Аммо Абу Убайд уйда эмас эди. Абдуллоҳ Абу Умайрнинг аёлидан изн олиб ичкарига кириб, салом берди ва ичишга бир нарса истади.
Абу Умайрнинг аёли ичадиган бирор нарса келтириш учун хизматкорини қўшнисиникига юборди. Хизматчи кечикаверганидан кейин: “Аллоҳ уни лаънатласин, кечикяпти”, деди.
Буни эшитган Абдуллоҳ ибн Масъуд ташқарига чиққан эди ҳамки Абу Умайр уйига қайтиб келаётиб уни ташқарида кўрди ва биродарига:
– Эй Абдурраҳмон! Сенинг каби зотдан асло рашк қилинмайди, биродарингнинг жуфтига салом бермадингми? Ичкарига кириб бирор нарса ичмадингми? – деди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд дўстига:
– Айтганингдек қилдим. Аёлинг қўшнидан ичишга бирор нарса сўраб туриш учун хизматкорни юборди. Бироқ ё хизматкор сўраб борган нарса қўшнида йўқ эди ёки бор эди-ю, аммо беришни хоҳламади. Шу боисдан хизматкор қиз кечикди ва аёлинг уни лаънатлади. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитган эдим:
“Бир кимсанинг оғзидан лаънат сўзи чиқса, лаънат қарайди. Агар юборилган кимса бу сўзга лойиқ бўлса, унга етиб боради. Агар у кимса бунга ҳақли бўлмаса, лаънат бундай дейди: “Ё Раббий! мен фалон кимсага юбордилар. Бироқ мен унинг лаънатга сабаб бўлмайдиган ҳолда кўрдим”. Шунда унга бундай дейилади: “Қаёқдан келган бўлсанг, ўша жойга қайтиб бор!”
Мен хизматчининг бу лаънатга ҳақли бўлмаслигидан, шу сабабли лаънат ортига қайтиб келишидан ва буларнинг барчасига сабабчи бўлиб қолишдан қўрқдим, – деди[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, I, 408; Ҳусаймий, Мажмауз-завоид, VIII, 74; Албоний, Силсилат ул-аҳодис ис-саҳиҳа, III, 264-265.