Минтақа. Тай мусулмонлари кўпаймоқда
Таиланд қироллиги (Thailand) – эртакмонанд мамлакат. У қадимда Сиам деб аталган. Бу давлат Жануби-Шарқий Осиё, Ҳиндихитой яримороли, унинг жанубий учида (Малай яриморолининг шимолий қисмида) жойлашган. Таиландда 1932 йил қонсиз инқилоб юз берди ва мамлакатнинг биринчи конституцияси қабул қилинди. Шунинг учун Таиланд расман конституциявий монархия ҳисобланади.
Майдони – 514 минг. км². Пойтахти – Бангкок. Маъмурий жиҳатдан 71та вилоятга (чангвати) бўлинган.
Аҳолиси
Таиланд аҳолиси 60 миллион кишидан ошиб 70 миллионга яқинлашиб қолган ва уларнинг асосий қисми тайлардир. Шимолда асосан тоғлик аҳоли, жанубда – малайлар. Энг кенг тарқалган этник гуруҳлар Жануби-Шарқий Осиёга хос бўлган лаос, мон, кхмер ва бошқалардир. Тахминан, 10 фоиз аҳоли хитойликлар, аммо улар маҳаллий аҳолига жуда яхши мослашиб кетган, шу боис уларни ажратиш қийин.
Хитойликлар иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида, хусусан, савдо соҳасида етакчилик қилади. Малайлар – Таиланддаги учинчи йирик этник гуруҳ ҳисобланади. Улар Исломга эътиқод қилади, малай, тай тилларида гапиради ва қиролликнинг тўртта жанубий вилояти – Наратхиват, Паттани, Яла ва Сатунда истиқомат қилади. Шунингдек, катта-кичик шаҳарларнинг ҳаммасида ҳиндлар ҳам яшайди. Улар одатда газмол ва кийим-кечак дўкончалари соҳибларидир.
Тили
Таиланд – кўп тилли мамлакат, асосий ўринни тай тили ва тай тиллари гуруҳининг бошқа диалектлари эгаллайди. Тай тиллари гуруҳи оҳангга асосланган, шунинг учун қисқа сўзлашув китобларидан фойдаланиш жуда қийин: сизни шунчаки тушунмайдилар. Имо-ишора тилига эътибор қаратиш лозим. Хитой тили асосан жанубий лаҳжаларда ифодаланади. Шаҳарларда инглиз тили кенг тарқалган.
Дини
Таиланднинг расмий дини – буддавийлик (тхеравады) – унга мамлакат аҳолисининг катта қисми (90 фоиз) эътиқод қилади. Ислом мамлакатнинг жанубий қисмида тарқалган. Дао ва конфуцийлик – хитойликлар орасида ёйилган. Анимизм (жон ва руҳлар борлигига ишониш) тоғлик қабилалар орасида тарқалган. Шунингдек, Бангкокда ҳиндлар, сикхлар ва насронийлар ҳам яшайди.
Ислом Таиландда XX-асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб кенг тарқалди. Бу диндорлар сони бўйича давлатда иккинчи ўринда туради. Исломга Таиландда ўтроқлашиб қолган малайлар, покистонликлар, тамиллар ва панжобийлар, шунинг билан бирга, Таиланднинг қўшниси Камбожадан келган қочоқ-чамлар эътиқод қилади
Ислом Таиландда бир текис тарқалмаган. Масалан, мусулмонлар Таиланддаги диндор аҳолининг атиги 7 фоизи қилади. Аммо бундан Жанубий Таиланд мустасно. Чунки Наратхиват чангватининг 82 фоиз аҳолиси Исломга эътиқод қилади. Таиланд томонидан қўшиб олинган Патани султонлиги ҳудудида Ислом ҳукмрон дин эди. Таиланднинг тўртта чангватисида – Наратхиват, Яла, Паттани ва Сатун – мусулмонлар (малайлар) аҳолининг катта қисмини ташкил қилади.
Ҳозирги вақтда Таиландда бутун мамлакат бўйлаб масжидлар қурилиши фаол равишда давом этмоқда ва янги мадрасалар очилмоқда. Чунки турли сабабларга кўра мусулмонлар сони ортиб бормоқда:
– Ислом ижтимоий тенгликни таъминлайди ва жамиятдаги табақаланишни бекор қилади;
– мадрасаларда бепул ўрта ва олий таълим берилади;
– Ислом мамлакатда жинсий туризмни ривожлантиришга қарши чиқади.
Мамлакатда Исломнинг роли тобора ортиб бораётир. Шунингдек, мусулмонларнинг сони ҳам. Бу, хусусан, мусулмон оилаларда туғилишнинг зиёдалиги ҳамда кўпроқ тайликлар Исломни қабул қилишлари билан боғлиқ.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.