Аллоҳга берган сўзида турган йигит
Пайғамбар алайҳиссаломнинг хизматкори Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу амакиси ҳақида ҳикоя қилади:
Амаким Анас ибн Надр розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга Бадр жангида қатнашмаган эди. Бу унга жуда ҳам оғир келди. Шу сабабли бир куни Расули акромга бундай деди:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Мушриклар билан қилган биринчи жангингизда қатнаша олмадим. Агар Аллоҳ таоло улар билан бўладиган навбатдаги жангда изн берса, ана ўшанда улар нималар қилишимни кўражаклар, – деди. Яна бошқа нималар қила олишини гапиришдан тортинди.
Кейинчалик Уҳуд жанги бошланганида амаким Пайғамбар алайҳиссалом билан бу жангда қатнашди. Ушбу жангда мусулмонлар сафи пароканда бўлганида амаким биродарларига қасд этиб:
“Раббим! Мусулмонлар қилган ишлари сабабли узр сўрайман. Мушрикларнинг қилган ишларидан эса узоқ эканимни арз қиламан”, деди ва қиличини чиқариб, тўғри душманнинг устига бостириб бораверди.
Шу чоқда Саъд ибн Муоз билан юзма-юз бўлди. У ҳам чекинаётганлар орасида эди. Амаким унга: “Қаёққа кетаяпсан Саъд? Ана жаннат! Каъбанинг Раббисига қасам ичаманки, Уҳуд тоғининг этагидан жаннатнинг ҳиди келяпти”, деди.
Жанг тугаганидан сўнг Саъд ибн Муоз Пайғамбар алайҳиссаломга бу ҳодисани сўзлаб бераркан, “Ё Расулуллоҳ! Мен унинг қилганини қила олмадим”, деб қанчалик хижолат бўлганини билдирди.
Анас ибн Молик сўзларини бундай давом эттирди:
– Амаким, тўғри душманнинг устига бостириб борди ва ниҳоят шаҳид бўлди. Уни топганимизда вужудида саксондан ортиқ қилич, найза ва ўқ яраси бор эди. Макка мушриклари амакимнинг баъзи аъзоларини кесиб олгандилар. Шунинг учун уни ҳеч ким таний олмади. Холам Надр бинти Рубаййа уни танасидаги холдан ёки бармоқ учларидан таниди.
Ўйлашимизча, мана бу оят амаким ва амаким кабилар ҳақида нозил бўлган: “Мўминлар орасида Аллоҳга берган аҳдига содиқ кишилар бордир. Бас, улардан ўз назрига вафо қилгани (шаҳид бўлгани) ва улардан (шаҳид бўлишни) кутаётгани бордир. Улар (аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ” (Аҳзоб, 23)[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Бухорий, Жиҳод, 12, Мағозий, 17; Муслим, Имора, 148; Термизий, Тафсир, 34; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, III, 194, 253