Арилар қўриқлаган шаҳид
Энг кўп ҳадис ривоят қилган Абу Ҳурайра роҳияллоҳу анҳу Ислом тарихининг аччиқ воқеаларидан бўлган Рожи варъасини ҳикоя қилади:
Расули акром соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнта отлиқни одамларга Исломни англатмоқ ва хабар тўпламоқ учун сафарбар қилдилар. Уларга мадиналик Осим ибн Собитни бошлиқ қилиб тайинладилар. Отлиқлар Усфан билан Макка орасида бўлган Ҳадъатга боргандилар. Уларни таъқиб этган мушриклар Ҳузайл қабиласининг улуғларидан бўлган бани Луҳайнга хабар бердилар.
Бани Луҳайн юзтача камончи билан уларнинг ортидан тушди. Мусулмонлар қўноқлаган бир ердан Мадина хурмосининг уруғини топдилар. “Бу Мадина хурмоси”, дея уларни топиб олдилар. Осим ва биродарлари уларни кўргани заҳоти ўзларини яшириш мумкин бўлгани қадар бир жойларга яшириндилар. Аммо душман уларнинг атрофини ўраб олди ва: “Пастга тушинг, қўлингиздаги қуролларни ташлаб таслим бўлинг. Ҳеч бирингизни ўлдирмасликка сўз берамиз”, деди. Шунда жамоатнинг бошлиғи Осим ибн Собит: “Биродарлар, мен бир кофирнинг ваъдасига ишониб пастга тушмайман”, деди. Сўнг эса: “Парвардигорим, ҳолимиздан Пайғамбаримизга хабар бер”, дея дуо қилди.
Бу ҳолни кўрган душманлар Осим билан бирга етти кишини ўққа тутиб шаҳид қилди. Бироқ Ҳубайб ибн Одий, Зайд ибн Дасина ва яна бир киши кофирларнинг сўзларига ишондилар. пастга тушиб, таслим бўлдилар. Мушриклар бу уч кишини кўриб, ёйларининг ипларини чиқариб, уларни маҳкамлаб боғлашга тушдилар. Буни кўрган учинчи мусулмон: “Бу бизга қилинган хоинликнинг бошланишидир. Аллоҳга қасамки, мен сизга асло таслим бўлмайман. Шу шаҳидлар менга гўзал ўрнакдир”, дея оёқ тираб олди. Уни судраб кетмоқчи бўлдилар, бироқ қаттиқ қаршилик кўрсатгани сабабли шаҳид қилдилар. Ҳубайб ибн Одий билан Зайд ибн Дасинани олиб кетдилар ва уларни Маккага сотдилар. Ҳубайбни Бадр ғазотида ўзи ўлдирган Ҳарис ибн Амирнинг болалари сотиб олди. Ҳубайб уни ўлдиришга қарор берган кунларига қадар уларнинг қўлида асир ўлароқ қолди.
Ўлдирилишини эшитганидан сўнг маҳрам жойларини тозалашни истади. Бадрда ўлдирган Ҳариснинг қизидан бир устара сўради ва қиз унга устара берди. Шу чоқда хотиннинг ғафлатидан фойдаланган кичкина ўғли Ҳубайбнинг пинжига тиқилди. Қўлида устара билан болани тиззасига олиб ўтирган Ҳубайбни кўрган аёл у боламни ўлдиради, дея даҳшатга тушди.
Унинг қаттиқ қўрққанини кўрган Ҳубайб: “Боламни ўлдиради, дея қўрқяпсанми? Мен бундай ишни асло қилмайман!” деди.
Орадан кўп йиллар ўтиб кетганидан ўша аёл шу ҳодисани гапириб бераркан, “Қасамки, мен ҳаётимда Ҳубайбдан ҳам яхшироқ бўлган асирни кўрмадим. Кишанланиб турган кунларнинг бирида унинг янги узилган узум еб турганини кўрдим. Ҳолбуки, у вақтда Макканинг бирор ерида мева йўқ эди. Аёнки, бу унга Аллоҳ юборган ризқ эди”.
Ҳориснинг ўғиллари уни ўлдирмоқ учун Ҳарам ҳудудидан ташқарига олиб чиқдилар. Ўшанда Ҳубайб: “Менга икки ракат намоз ўқиб олишимга рухсат беринг”, деди. Улар рози бўлдилар.
Ҳубайб намоз ўқиб бўлганидан сўнг: “Ўлимдан қўрқди, деб ўйламаслигингизнинг билганимда эди, қасамки, намозимни янада узунроқ ўқиган бўлардим”, деди. Ортидан эса: “Аллоҳим! Буларнинг ҳар бирини битта-битта маҳв эт, бирма-бир жонини ол, бирортасини соғ қолдирма!” деб дуо қилди. Кейин эса қуйидаги мазмундаги байтни ўқиди:
Мусулмон ўлароқ ўлгандан сўнгра
Қандай ўлганимга асло ачинмам.
Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ учундир.
Агар у истаса, жуда қулайдир,
парчаланган вужудим-ла раҳматга етишим.
Шундай қилиб, Ҳубайб қатл этиладиган ҳар бир мусулмоннинг икки ракат намоз ўқиш одатини бошлаган зот бўлди.
***
Ўн кишилик отлиқлар душман тарафидан қуршаб олинган кун бўлиб ўтганлар ҳақида Расули акром асҳобларига хабар берган эдилар.
***
Макка мушрикларининг улуғлари Осим ибн Собитнинг шаҳид бўлганини эшитганда унинг чиндан ҳам ўлгани ёки ўлмаганини аниқламоқни истадилар. Уни таниб олиш учун бир аъзосини олиб келиш учун одамларни юбордилар. Чунки Осим Бадр жангида уларнинг зўрларидан бирини ўлдирган эди.
Аллоҳ таоло Осимни қўриқламоқ учун бир ари сурувини юборди. Бу арилар худди булут каби келиб Осимнинг жасадини қоплаб олди. Маккаликлар унинг жасадидан ҳеч нарсани узиб ёки кесиб ола олмадилар[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Бухорий, Жиҳод, 170; Мағозий, 10, 28; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, II, 294-295, 310-311