Тасбеҳ тутган тарбиясиз
Бир куни бозорда собиқ ўқувчим билан учрашиб қолдим. Кайфиятсиз бир ҳолатда эди. Саломлашгач, сабабини сўрадим. “Эҳ, устоз, ҳозиргина, ҳув, очиқ айвонли кафега кириб, чой ичмоқчи бўлдим. Эндигина бир жойга ўтиргандим, ён столдаги хўрандага хизматчи аёл чой келтираётиб, қоқилиб кетди ва қўлидаги чойнак ерга тушди. Аёл эпчиллик билан оёғини тортиб олди. Тепароқ столда дўппи кийган ёш йигит (бошлиқ) ўтирган экан. Бу воқеани кўрди-ю, қўлида тасбеҳ, югуриб келиб, хизматчи аёлга:
– Нима, кўзинг кўрми? Маҳкамроқ ушласанг, ўлармидинг?! – деб бақирди ва оғизга олиб бўлмайдиган хунук гаплар билан ҳақорат қила бошлади.
Аёл:
– Чойнакнинг банди нимжон экан-да, яхшиям куйиб қолмадим, – деб йиғлади. – Нега ҳақорат қиласиз? Онангиз тенгиман-а!
– Нега менга гап қайтарасан?! – деб муштини кўтарди йигит урмоқчи бўлиб.
Хизматчи аёл қўрққанидан қочиб, одамлар орасида ғойиб бўлди.
Бу воқеани кўриб:
– Ҳой йигит, ўзингни босиб ол! Онанг тенги аёлни ҳақорат қилгани уялмайсанми? Оғзингдан чиқаётган ифлос сўзларни қара! – дедим. Менинг сўзимга бошқалар ҳам қўшилди. Атрофдагиларнинг ҳам кўнгли хижил бўлди.
– Нима ишларинг бор?! Бировнинг ишига аралашманглар! У аёл менинг ишчим. Нима десам, ҳаққим бор! – жаҳл қилди дўппи кийган тарбиясиз йигит.
Одамлар еб турган овқатини тугатмасдан чиқиб кетаётиб, бир-бирига:
– Қўлида тасбеҳ-у, ичи тўла ифлос сўзлар-а! Ғирт тарбиясиз одам экан, бечора аёлнинг кўнглини оғритди, – дер эдилар.
Собиқ ўқувчим ушбу сўзларни хафа бўлиб гапириб берди. Менинг эса “Бировнинг кўнглига озор бериш Каъбани вайрон қилишдан ҳам ёмонроқдир” деган донолар ҳикмати ёдимга келди.
Тўхтахон РАҲИМОВА,
Наманган тумани Шўрқўрғон қишлоғи
“Мўминалар” журналининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws