Намознинг суннатлари
1. Такбири таҳрима айтишда Намознинг суннатлари бошни эгмаслик.
2. Такбири таҳримадан олдин иккала қўлни қулоқларгача кўтариш.
3. Такбири таҳрима пайтида кафтларни қиблага қаратиб очиш.
4. Қўллар кўтарилаётганда бармоқлар ўз ҳолида бўлиши.
5. Такбири таҳримадан сўнг қўлларни пастга осилтирмай, дарҳол киндик остида боғлаш (аёллар кўкраклари устига).
6. Қўл боғлашда ўнг қўлнинг бош бармоғи ва жимжилоғи билан чап қўл билагининг кафтга уланган
қисми ушланади. Қолган уч бармоқ чап билак устига ёйиб қўйилади. Аёллар эса ўнг қўл кафтини чап қўл кафт устига қўйсалар, кифоя.
7. Қўл боғлаганидан сўнг Сано дуоси (“Субҳанакаллоҳумма…”)ни ўқиш.
8. Сано дуосидан кейин “Аъузу биллаҳи…”ни ўқиш.
9. Имом ва ёлғиз намозхоннинг Фотиҳа сурасидан олдин “Бисмиллаҳ…”ни ўқимоғи.
10. Фотиҳа сурасидан сўнг ичида “Омийн” дейиш.
11. Имомнинг “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” дейиши.
12. Муқтадийнинг “Роббана лакал ҳамд” дейиши. Ёлғиз намозхон иккисини ҳам айтади.
13. Имомнинг такбирларни баланд овоз билан айтиши.
14. Қиём ҳолатида икки оёқнинг орасини тўрт бармоқ миқдорида очиб туриш.
15. Агар мусофир бўлмаса, бомдод ва пешин намозида “тиволи муфассал” (Ҳужуротдан Буружгача), аср ва хуфтонда “авсоти муфассал” (Буруждан Баййинагача), шомда “қисори муфассал”ни (Баййинадан Нассгача) ўқиш. Агар мусофир бўлса, хоҳлаган сурасини ўқийверади.
16. Бомдоднинг аввалги ракатида иккинчи ракатига нисбатан узун
қироат қилиш.
17. Рукуга кетаётган вақтда “Аллоҳу акбар”ни айтиш.
18. Рукуда тиззаларни бармоқлар билан чангаллаш. Аёллар эса кафтларини қўйиб туришади.
19. Рукуда бармоқларнинг кенг очилмоғи. Аёллар бармоқларини очмайди.
20.Рукуда болдирларни тик тутиш.
21. Рукуда эркакларнинг орқа ва бошлари баробар (текис) бўладиган даражада эгилишлари. Аёллар эса қўллари тиззаларигача етадиган даражада эгилсалар, кифоя.
22.Рукуда энг камида уч марта “Субҳана Роббиял ъазим”ни айтиш.
23. Рукуда қўлларни қориндан узоқ тутишлари. Аёллар ёпиштириб туришади.
24.Саждага кетаётганда “Аллоҳу акбар” деб, аввал тиззаларни, сўнг кафтларни, ундан кейин бурунни, ундан сўнг пешонани ерга қўйиш. Кўтарилаётган пайтда аввал пешонани, сўнг бурунни, кейин кафтларни ва охирида тиззаларни кўтариш.
25. Саждада юзни икки кафтнинг ўртасига қўйиш.
26.Саждада қоринни тиззага, билакларни биқин ва ерга теккизмаслик. Аёллар эса, билакларини
биқинларига теккизиб, ерга тўшаб турадилар.
27. Саждада қўл бармоқларини жипс қилиб ерга ёпиштириб туриш, оёқ панжаларини қиблага қаратиш.
28.Саждада энг ками уч марта “Субҳана Роббиял аъла” дейиш.
29.Саждадан такбир айтиб туриш.
30.Икки сажда ўртасида ҳамда аввалги ва охирги қаъдада ўнг оёқ қадамини тик қилиб, бармоқлар учини қиблага йўналтириш, чап оёқни ерга тўшаб, унинг устига ўтириш ва икки кафтни бармоқлар учи тиззага етадиган қилиб сонлар устига қўйиш. Аёллар иккала оёқларини ҳам ўнг томонга чиқариб, думбаларини ерга қўйиб ўтирадилар.
31. Фарз намозларининг учинчи ва тўртинчи ракатларида Фотиҳа сурасини ўқиш.
32. Охирги қаъдада “Аттаҳиёт”дан сўнг салавот айтиш.
33. Салавотдан сўнг ҳадисларда келган дуолардан ўқиш.
34.Салом бериш вақтида ўнг ва чапга юзни буриш.
35. Имомнинг иккала саломда муқтадийлар ва муҳофаза қилувчи фаришталарни ният қилиши.
Муқтадийлар ўзлари билан бирга намоз ўқувчиларни ва фаришталарни
ҳамда имомни ният қилишади. Агар имом ўнг томонда бўлса, ўнг томонга салом беришда, чап томонда бўлса, чап томонга салом беришда, агар рўпарада бўлса, ҳар икки томонга салом беришда уни ният қиладилар. Ёлғиз намозхон фақат фаришталарни ният қилади.
36.Имомнинг саломни баланд овоз билан айтиши.
37. Имомнинг иккинчи саломни биринчи саломга нисбатан пастроқ овозда айтиши.
(“Фатавои Оламгирия”; “Дуррул мухтор”, “Раддул муҳтор”).
Суннатлардан бирортасини тарк қилиш билан саждаи саҳв вожиб бўлмаса-да, намоз макруҳ ҳолда адо этилган ҳисобланади. Зеро, суннатни тарк этиш маҳруҳдир (Фатавои Оламгирия).
Ёрқинжон ФОЗИЛОВнинг “Саждаи саҳв масалалари” китобидан
“Ислом нури” газетасининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws