Баракали қўй соҳибаси
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларида хузоъалик Умму Маъбад розияллоҳу анҳоникида меҳмон бўлдилар. Шу туфайли у машҳур аёллардан бирига айланди. Унинг асл исми Отика бинти Холид ибн Минқаз эди. У хузоъалик Хунайс ибн Холид Каъбийнинг синглиси бўлган. Бу улуғ саҳоба Макка фатҳида шаҳид бўлган.
Умму Маъбад қиссаси бундай эди: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат сафарида хузоъалик Умму Маъбад чодири олдидан ўтдилар. Чодир олдида тиззасини қучиб ўтирган аёл ҳар бир йўловчини едириб-ичириб, йўлига кузатиб қўйишни одат қилганди. Икки буюк муҳожир унинг олдидан ўтаётиб: “Бирор егулигинг борми?” деб сўрадилар. Аёл: “Аллоҳга қасамки, менда бирон егулик бўлганда сизларни меҳмон қилмасмидим?! Қўйлар бу йил қурғоқчилик сабаб сут бермай қўйди”, деди.
Шунда у зот чеккароқда турган озғин совлиқни кўриб: “Эй Умму Маъбад, бу қўйга нима бўлган?” деб сўрадилар. У: “Сурувга ярамай қолган”, деди. У зот: “Сути борми?” дедилар. Аёл: “Қайдан ҳам сути бўлсин?!” деди. Сўнг у зот: “Уни соғиб кўришга рухсат берасанми?” дедилар. Аёл: “Сути бор, деб ўйласангиз, майли, соғиб кўринг”, деди. У зот қўллари билан совлиқнинг елинини силаб, “Бисмиллаҳ”ни айтиб дуо қилган эдилар, ориқ қўйнинг оёқлари керилиб, елини сутга тўлди. У зот идишга бир қавмни тўйдирадиган сут соғиб олдилар. Ҳатто идишдаги сутнинг тепаси кўпикланди. Бу сутдан аёлга ҳам узатилганда ичиб қонди ва бошқаларга ҳам узатдилар. Улар ҳам тўйгунча сут ичишди. Сўнг у зот ўзлари ичдилар. Қўйни иккинчи марта соғишган эди, идиш яна лиммо-лим бўлди. Сутни аёлга бериб, йўлда давом этдилар.
Орадан кўп ўтмай, эри чиллашир эчкиларини ҳайдаб келди. Улар қоқсуяк эди. Эри сутни кўриб ҳайрон бўлди ва: “Буни қаердан олдинг, қўйлар узоқ яйловда, уйда соғин қўй бўлмаса?” деди. Аёл: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, бир баракали одам уйимиз олдидан ўтиб қолди”, деб у зотни таърифлади. Эри: “Аллоҳга қасамки, у қурайшликлар излаб юрган одам бўлса керак. Менга тузукроқ тасвирлаб бер-чи, эй Умму Маъбад”, деди. Умму Маъбад: “У зот ранг-рўйи нурли, хилқати гўзал, қорни катта эмас, боши кичик эмас, яъни қадди-қомати гўзал, келишган, кўзлари тим қора, киприклари узун, овози ширали, бўйни йўғон, кўзларининг оқи катта, оппоқ, сурма қўйгандек, қоши узун ингичка, туташ, сочлари тим қора, жим турганда виқорли кўринади, гапирганида сўзлари чиройли ва дона-дона, узоқдан қараганда одамларнинг чиройлиси, яқиндан кўрганда гўзал ва ҳаловатлисидир, гаплари тотли, лўнда-лўнда, на сергап, на камгап, сўзласа, сўзлари гўё тизилган маржон каби дона-дона бўлиб думалаб тушаётганга ўхшайди, ўрта бўйли, на унда калталик ва на дарозлик бор…” Шунда Абу Маъбад: “Аллоҳга қасамки, бу қурайшликлар излаб юрган киши, албатта, уни топишим керак”, деди».
Умму Маъбаднинг қалбига иймон насимлари эса бошлаган дамлар бу – Расулуллоҳни кўрган илк лаҳза эди. Бунинг далили шуки, Умму Маъбад олдидан қурайшликлар ўтаётиб, у зот ҳақида сўрашганида (ҳолбуки, улар у зотга изларидан етай деб қолишган эди) у зотга хавф туйганидан рўйхушлик бермай: “Сизлар мендан шундай нарса ҳақида сўраяпсизки, ўтган йилларимда ҳам у тўғрида бирон нарса эшитмаганман”, деб терс жавоб берди.
Умму Маъбад Ҳабибимиздан ўзи айнан гувоҳи бўлган баракотни кўриб лолу ҳайрон қолганди. Натижада тез орада эри билан Мадинага келиб, у зотга байъат қилди. Бир куни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир қўйни ҳадя қилиб жўнатди. Бироқ у зот қўйни олишдан бош тортдилар. Бу нарса аёлга оғир ботди, шунда одамлар бунга сабаб унда сут борлигини кўрганлари эканини айтишди. Сўнг у Расулуллоҳга жазъа (икки ёшли қўй ё беш ёшли туя) жўнатди, у зот бу ҳадяни қабул қилдилар.
Умму Маъбад умрининг тунларини ибодатда ва кундузларини рўзадорликда яшаб ўтди. Унинг қалби саодат ва сурурга тўла дунё жаннатида яшарди. У Расулуллоҳ алайҳиссалом муборак ҳижратлари асносида чодирига тўхтаб ўтган кунни бот-бот эслаб севиниб кетарди.
Наманган тумани “Мулла Сайфиддин” жоме масжиди
имом-хатиби Ҳожиакбар ЭРГАШЕВ тайёрлади.
“Мўминалар”журналининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws