Бу динда ҳаргиз қийинчилик йўқ
“Маййитнинг кийимларини тезда тарқатиб юборинглар, акс ҳолда у дунёда кийимсиз бўлади”.
“52 маросимини қилиш керак, чунки маййитнинг 52 кунда эти суягидан ажралади”.
“Ўликнинг ҳурмати йўқми? Ҳеч бўлмаса, “20”сигача таъзияда бўлайлик”.
“Таъзия бўлган жойда бир йилгача тўй қилиб бўлмайди”.
“Ўлик чиллага тирик чиллани аралаштирмаслик керак!”
“Келинингиз ҳомиладор бўлса, бармоғига ип бойлаб олсин, ҳомилага ўликнинг таъсири бўлмайди!”
Афсуски, бундай бидъат-хурофотларга диний тус берилиб, ота-боболаримиздан қолган одат деб қаралади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади” (Ҳаж сураси, 78-оят). Демак, Ислом – енгиллик дини.
Дафн кунидан бошлаб узоғи билан уч кунга қадар аза тутишга шариатимиз рухсат беради. “Фатавои Оламгирия”да бундай дейилган: “Шу уч кун мобайнида маййит чиққан хонадонда овқат қилинмайди. Таъзия билдиришга келган одамларга дастурхон солинмайди, зиёфат берилмайди. Мусибат етган хонадон аҳли қайғули бир ҳолда турганда улар учун меҳмонларга қараш, уларга ош-нон тортиш мусибат устига мусибатдир” (1671-бет).
Баъзи вилоятларда ҳар пайшанба ёки якшанба куни, 7, 40, 53, 100, йили муносабати билан ўтказиладиган таъзияга боғлиқ маросимларда жонлиқ сўйилиши, пул ва матолар тарқатилиши катта харажатлар эвазига бўлади.
“Ота-онам вафот этган, улар учун қандай амаллар қилсам, манфаати бўлади?” деб мурожаат қилишади.
Хайр-эҳсон ҳар кимнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб қилинади. “Бу фарзандлик бурчим, отам ёки онам норози бўлади”, “Эҳсон қилмасам, маҳалладагилар гапиради”, деган мазмунда қарз олиб, эҳсон қилинса, бу ҳам гуноҳдир. Бундай маросимларни одамларнинг гапига қараб эмас, балки шариат ҳукмидан келиб чиқиб қилиш керак.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Замон охирида бир хил қавмлар пайдо бўладики, улар ҳамма амалларни ошкора қилишни ўзларига дўст тутадилар ва махфий равишда сир тутиб қилишни ёқтирмайдилар”, дедилар. Шунда саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, буни қандай тушунайлик?” Пайғамбаримиз алайҳиссалом изоҳ бердилар: “Одам бир-бирини кўролмаслигидан, яъни фалончи ундай қилибди, мен ундан ҳам ўтказиб қиламан, дейишидан ёки бир-биридан қўрққанидан шундай қилишади” (Имом Муслим ривояти).
Марҳумнинг яқинлари ўтганлар руҳига Қуръони карим сураларидан тиловат қилса, истиғфор айтса, кун-ой санамасдан муҳтож ва ночор кимсаларнинг кори хайрига берса, савобга эришади, бундан ўтганларинниг руҳи шод бўлади.
Қуръони каримда: “Қариндошинг ҳаққини адо эт, мискин бечоралар, йўловчи мусофирларга ҳам (мурувват кўрсат). Лекин сира исроф этма, зеро исроф қилувчилар шайтоннинг “биродарлари”дир!” дейилади (Исро сураси, 26-оят).
Атрофда муҳтожлар бор. Туғишганларимиздан, опамизми, синглимизми, рўзғори тақчиллигидан боласининг оёғига неча йиллардан бери этик олиб бера олмаётганига аҳамият бермаганмиз. Жиянингизга ҳеч эътибор берганмисиз? Мактабга тутадиган папкаси тикилаверганидан эскириб кетибди…
Ён қўшнимизнинг турмуш ўртоғи анчадан бери касалманд. Дори-дармонига маблағдан қийналиб юрганини эшитганимизда оддий ҳолатдек қабул қилганмиз. Қўшни маҳалладаги бир аёлни кеча “Тез ёрдам”да аҳволи оғир, деб олиб кетишганди. Бугун эса жарроҳлик амалиёти учун пул топа олмаганидан қайтариб олиб келишди. Бир танишимизга мусибат етиб, хонадони буткул ёниб кетганини, ўзи ҳам, ёш болалари ҳам бошпанасиз қолганини эшитиб, ачиниш билан чекландик. Узоқ қариндошингиз ҳақида хабар эшитиб қолдингиз: “Катта пулга тушиб қолибди, яшаб турган жойини ҳам сотаётган экан”. Сиз бўлсангиз, “Отам ёки онам ўтди, маҳаллага ош бермасам, одамлар гап қилади”, деб катта харажат ташвишида юрибсиз.
Бир инсоннинг кўнглини олганга Каъбани қайта тиклаганлик савоби берилади. Муҳтожликдан қийналиб турган одамга қилинган ёрдамнинг ажр-савоби улуғ. Ўтган яқинларимизга ҳам савоблари етиб туради, иншоаллоҳ!
Мунира АБУБАКИРОВА,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
хотин-қизлар масалалари бўйича бўлимнинг
етакчи мутахассиси
“Мўминалар” журналининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws