Иймон ва хулқнинг алоқаси. 2-қисм
Қадрли биродарлар, фарзанд тарбиясида иймон ва хулқнинг уйғунлиги ғоят муҳим. Ислом бандани ибодатда бардавом бўлиши баробарида Қуръон ўқишга ва рўза тутишга тарғиб қилади ҳамда хулқини эътибордан четда қолдирмайди.
Ислом дини чиройли хулқ билан янада тезроқ ёйилган. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларидан мисоллар бисёр. Хусусан, Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Инсонларнинг Исломи энг яхшиси хулқи энг яхши бўлганидир. Яна мўмин кишининг иймони энг комили хулқи энг яхши бўлган мусулмондир”, дейилади (“Дуррул Мансур”).
Aбу Жаъфардан ривоят қилинади: “Яна инсонга берилган нарсаларнинг энг яхшиси бу – унинг хулқи ҳисобланади” (“Жамиул аҳком”).
“Aллоҳ таолога энг севимли банда ким?” деб савол берилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хулқи энг яхши бўлганидир” (Табароний ривояти), деб жавоб берганлар.
Демак, мусулмон кишининг чиройли хулқи бошқаларнинг ҳам Aллоҳга яқинлашишига сабаб бўлади. Қадрли биродарлар, ҳурматли ота-оналар, фарзандларни динда мустаҳкам қилиш, албатта, муҳим. Рўза, намоз, ибодатларга чорлаш жуда зарур. Aммо Исломнинг кенгроқ ёйилишига, ҳақ диннинг бошқа дин вакиллари орасига тезроқ кириб боришига сабаб бўладигани бу – уларнинг хулқи чиройли бўлишидир.
Мен туркиялик бир дўстимнинг ҳикоясини айтиб бераман. Унинг уйига юнонистонлик бир киши меҳмон бўлиб келади. Уни жуда яхши кутиб олишади. Ваҳоланки, ўша биродарим ўзи солиҳ киши эди. Аммо ғайридинни чиройли меҳмон қилишади. Зиёфат сўнгида унинг шу хонада тунаб қолиши мумкинлигини айтишади. Юнонистонлик: “Сизларга ҳам хона борми?” деб сўрайди. “Ҳа”, дейишади. Лекин эрталаб тонг отганида қарасаки, уй эгалари ҳовлисига жой тўшаб ухлашган бўлади. Негаки, уларда биттагина хона бўлган. Ғайридин: “Нима учун бундай қилдингиз?” деб сўраганида меҳмонни иззат қилиш динда буюрилганини айтишади. Уларнинг бу гўзал хулқини кўриб, юнон ўша ерда Исломга киради.
Демак, инсонларга таъсир қиладиган нарса исломий хулқимиз экан. Инсон хулқи қачон яхши бўлади, мукаммаллашади? Қачонки унинг иймони мустаҳкам бўлганда! Ҳа, хулқ ва иймоннинг юксалиши бир-бирига боғлиқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Aллоҳ таоло: “Aлбатта, Биз сизни буюк хулқ узра яратганмиз” (Қолам сураси, 1-оят), дейишидан мурод мусулмонлар учун хулқнинг қанчалик муҳим экани таъкидлангандир.
Қадрли ота-оналар, фарзандларга чиройли хулқни болалигидан сингдириб бориш керак. Чунки болалар иймоний тарбияни хулқий тарбия орқали ўзлаштиради. Мусулмон болаларнинг дини ёки ибодатига бўлган ҳарислигини оширишга ҳаракат қилаётган ота-оналар, муаллимлар уларнинг ахлоқини ҳақиқий исломий одоб билан хулқлантиришга ҳаракат қилсин. “Хулқнинг маъноси бу – иймондир. Иймоннинг маъноси бу – хулқдир”, дейди уламолар.
Инсоний сифатларнинг энг афзали хулқларнинг гўзаллиги биландир. Болалар иймон билан бирга хулқларни ҳам мукаммал ўзлаштириши керак. Чунки ахлоқсиз фарзандни масжидга олиб борасизми ёки бошқа бир жойгами, албатта, у сизни хижолатга қўяди.
Хуллас, иймон бу – хулқдир. Иккиси бир-бирини тўлдиради.
Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусий
Орифахон ЮНУСХЎЖА таржимаси
“Мўминалар” журналининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws