Кеч бўлмасидан…
“Келинимнинг бу қилмишини асло кечирмайман. Бўлди, ўғлим билан ажратаман”, “Опа-сингил меросни деб икки йилдан бери гаплашмаяпти. Опаси синглисини, синглиси опасини кечирмас экан”.
Бизнинг кечиролмаганларимиз, тўғриси, кечиришни истамайдиганларимиз кўп. Нега бир-биримизни кечирмаймиз? Кечирмасак, ҳаммаси яхши бўладими?
Афсуски, нафақат бир-бирини кечирмайдиганлар, балки узр сўраса қабул қилмайдиганлар ҳам бор. Айниқса, аёллар орасида бир-бирига гина-кудурат сақлаб, йиллар давомида кўришса, сўрашмай, бир жойда ўтирмайдиганлар кўп. Кечиримли бўлиш ҳақида гап бораркан, динимизда бу ҳолатнинг гўзал ечимлари мавжудлигини билмайдиганлар бор.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки бирор мусулмон биродаридан узр сўраса, у эса унинг узрини қабул қилмаса, унинг бўйнига тижорат молларидан закот олувчининг хатосига берилган гуноҳ каби гуноҳ юкланади”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).
Мудом ўзингизнинг ҳақиқатингизни айтишга ҳаракат қиласиз. “У менга бундай қилган, мана бу сабабга кўра уни кечирмайман”, дейсиз. Бироқ узр сўрасангиз нималарга эришишингиз мумкинлигини билганингизда, бу фикрингиздан дарров қайтган бўлардингиз. Аллоҳ ризоси учун эҳсон қиласиз, тақвода бардавом бўласиз-у, даражангизни юксалтирадиган кечиримли бўлишга келганда ғурурингиз йўл қўймайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунё ва охиратдаги гўзал ахлоққа далолат қилайми?” дедилар. “Ҳа, ё Расулуллоҳ!” дейишди. “Сенга зулм қилганни афв қил, алоқани узганга алоқани боғлагин. Сени маҳрум қилганга бер”, дедилар. Аллоҳ янада билгувчироқ!
Ғуруримиз ўзимизни ана шундай олий даражотлардан маҳрум қилаётганини ўйлаб кўришимиз керак. Кечиримли бўлишимиз, узилган ришталарни тиклаш, йилларни эмас, ҳозирни талаб қилади. Кейин кеч бўлади ва ўзимизни асло кечиролмай қоламиз.
Қуръони каримда: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур” (Фуссилат сураси, 34-оят), дейилади. Умрининг охиригача бир-бири билан хафалашиб, “У мендан биринчи кечирим сўрасин”, деб юрганлар қанча! Ғурурни устун қўямиз. Ҳасан Басрий ҳазратлари шогирдларига бундай васият қилган эканлар: “Афв қилишда иккиланманг, ўзингиздан бошқа ҳаммани кечиринг, лекин ўз нафсингизни асло кечирманг! Зеро, у (гуноҳларга мойил бўлиб, Аллоҳнинг ғазабига ва дўзахга тушишингизга сабаб бўлиши мумкин бўлган) асл душманингиздир. Ҳаммани кечиринг! Зеро, комил инсон бошқаларнинг дўзахда азобланишига сабабчи бўлишга асло рози бўлмайди…”
Ҳар биримиз Аллоҳ ризосига эришиш умидидамиз. Аллоҳ биз бандаларига ҳаммани кечиришни буюряпти. Шундай экан, фурсатни ғанимат билиб кечиринг ва савобга эришинг.
Камола АБДУМАЛИК қизи
“Мўминалар” журналининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws