ХУРОФОТЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛАЙЛИК
Минг афсуслар бўлсинки, кейинги пайтларда холис Аллоҳ учун қилинадиган савобли амалларда исрофгарчилик, ким ўзарга турли тадбирлар ўтказиш, ортиқча дабдаба ва ҳашамларга берилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Энг ачинарлиси, бу ишларни бутун дунё нигоҳида турган интернет саҳифаларига жойлаб борилаётгани ҳар биримизни қаттиқ ташвишга солмоқда.
Муборак сафардан қайтган инсонларни қимматбаҳо автоуловлар ёки туяларда кутиб олиш, маҳаллалар бошидан зиёратчи оёғи остига пояндозлар солиш, кийимларини тўшаш, ёш болаларни зиёратчининг оёғи остига қўйиш, катта пул сарфлаб маросимларни тўйларга, баъзан эса “шоу”ларга айлантириб юбориш ҳолатлари учраб турибди. Шунчаси етмагандек, юртга қайтил ганидан бошлаб “ҳожи ўтиришлар” каби ортиқча тадбирларни одат тусига киритиш ҳам анъанага айланиб бормоқда. Бу эса баъзи ихлосманд кишиларнинг неча йиллардан бери пешона терини тўкиб, ҳалол меҳнати билан тўплаган маблағлари ҳаж ёки умра қилишга етса-да, мана бу каби ноўрин ва ортиқча йиғинларни ўйлаб ўзлари зиёратга бора олишмаяпти.
Устига-устак амалларингизни ихлос билан адо этинг, уларни иложи борича яширинг, риё бўлиб қолмасин, дейилса, мен буни ҳавасга эмас, ибрат учун қиляпман, дейди.
Уламолар ҳаж (умра эмас), жума ва жамоат намози каби яширишнинг иложи йўқ амалларни ибрат учун кўрсатиб адо этса, зиёни йўқ.
Шунда ҳам риё, шон-шуҳрат ва ужб каби савобни кетказиб юборадиган иллатлардан холи бўлиши шарт. Нафл амалларни эса махфий бажариш афзал, дейдилар. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, ҳаж ва умра каби муборак сафарга насиб этиб “Раҳмоннинг меҳмони” дея улуғ номга эришган инсонларга ўткинчи обрў-эътиборни деб шайтоннинг биродарига айлантириб қўядиган мана бундай қабиҳ ишларни қилиш ярашадими?! Табаррук маконлардан ҳақиқий бандалик – инсон ўзини, кимлигини ва ҳаддини билишдек олийжаноб хислатларни ўрганиб, уни одамларга ўргатадиган намунали бўлиб қайтиш ўрнига мана бундай ёмон одатлар билан сифатланиш тўғри келадими?! Йўқ, албатта!
Ҳаж ва умра ибодатини адо қилган ҳожилар зиммасидаги масъулият янада ошмоғи лозим. Бу
масъулиятни умр бўйи ҳис қилиб яшаш даркор. Зеро, улуғ зотлар: “Ҳожи бўлиш осон, лекин ҳожи бўлиб қолиш қийин” деб жуда ўринли айтганлар. Зиёратчилар ўз маҳалласи ва қавми қариндошларига хушхулқи, муомаласи ва хайрли ишлар билан доимо ибрат бўлишлари керак.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Умра – улуғ ибодат” китобидан
http://hidoyatuz.taplink.ws