Бошини ўпиш вожиб бўлган зот
Ҳудайбия сулҳидан кейин Набий алайҳиссалом Исломга чорлаб, бошқа давлатлар ҳукмдорларига мактуб йўлладилар.
Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу Форс ҳукмдори Кисрога мактуб элтди. У Кисронинг ҳузурига бориб, кириш учун изн сўради.
Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу шоҳ ҳузурида бошини тик тутган ҳолда турарди. Унинг сиймосида Ислом динининг салобати, қалбида эса эътиқодига бўлган юксак ишончи кўриниб турарди. Шоҳ хизматчиларига мактубни олишни буюрди.
Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу бунга қарши чиқди: “Йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мактубни қўлингга беришимни амр этганлар! У зотнинг амрларини бузмайман”, деди.
Элчи мактубни подшоҳга топширди. Кисро котибига уни ўқишни амр этди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг расули Муҳаммаддан Форс халқининг буюги Кисрога!..”
Шу жумлалар ўқилиши билан шоҳнинг ғазаби қўзиб, бўйин томирлари бўртиб чиқди. Чунки хат унинг эмас, Пайғамбар алайҳиссаломнинг исмлари билан бошланган эди. Бақирди, чақирди. Шунда Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу бундай деди: “Эй Форс халқи! Умр аталмиш саноқли кунларни пайғамбарсиз, китобсиз ўтказасиз, тушдагидек ҳаёт кечирасиз! Ҳолбуки, Ер юзининг сиз ҳукм юритаётган қисми анча тор. Эй Кисро! Сендан аввал қанчадан-қанча дунё ва охират ҳукмдорлари ўтди. Охират ҳукмдорлари бу дунёдан ҳам насибаларини олдилар. …Сизлар биз келтирган бу ишдан нафратланиб, назарингизга илмаяпсиз. Лекин, Худо ҳаққи, қаерда бўлсангиз ҳам, сиз назарингизга илмаган нарса ҳузурингизга келса, ундан қўрқасиз ва ҳимоялана олмайсиз!”
Кисро унинг бу сўзларини тингламайдиган даражада жаҳл отига минган эди: “Буни қара, қулим менга мактуб ёзяпти! Ахир мулк, салтанат соҳиби менман! Фиръавн Бани Исроилни қул қилган эди. Сиз улардан яхши ҳам, кучли ҳам эмассиз. Сизни зудлик билан ўз ҳукмронлигим остига олишимга нима тўсқинлик қилади? Мен Фиръавндан яхшироқ ва кучлироқман!”
Кисро хатни олиб, охиригача ўқимай йиртиб ташлади, одамларига элчини ташқарига чиқариб
ташлашни буюрди. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу туясига ўтириб кетаркан, ўзига ўзи деди:
“Худо ҳаққи, менга икки йўлдан қай бири насиб қилса, ғам чекмайман. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг буйруқларини бажардим”.
Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу Мадинага келиб, вазиятни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга билдирди. Кисронинг мактубни жаҳл устида йиртиб ташлаганини айтганида, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Парча-парча бўлсинлар! У менинг мактубимни парчалаганидек, Аллоҳ унинг салтанатини парчаласин! Ўз қўли билан ўз салтанатини парчалаб юборди!” дедилар.
Бир кеча Кисрони ўғли ўлдирди ва Форс давлати парчаланиб кетди. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳу даврида Византияга қилинган юришда мусулмонлар билан асир тушди. Византияликлар асирларга насронийликни қабул қилса, озод этишларини, қабул қилмаса, турли қийноқлар билан ўлдирилишларини айтишди. Қирол Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳуга бундай деди:
– Агар насронийликни қабул қилсанг, озод бўлганингдан кейин сенга қизимни бераман ва мулкимга шерик қиламан.
– Бутун Византия тупроқлари тугул, араб ва ажам тупроқларини қўшиб берсанг ҳам, динимдан қайтмайман!
– Ундай бўлса, ўлдириласан!
– Жонимни олишга кучинг етади. Бироқ қалбимдан эътиқодимни олишга етмайди! Қирол мақсадига ета олмагач, Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуни хочга михлатди. Камончилар унинг қўллари ва оёқлари яқинига ўқ ёғдирдилар. Айни замонда бир қозон сув қайнатилди. Насронийликни қабул қилмаган бир мўмин қозонга ташланди. Барча бу манзарага гувоҳ бўлди. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу қозон бошига келтирилди. Шу пайтда Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу йиғлай бошлади. Қирол уни қўрқди, деб ўйлаб, динига чақирди. Рад жавобини олгач, сўради: “Ундай бўлса, нега йиғлаяпсан?” “Биз мўминлар Аллоҳ йўлида ўлишдан қўрқмаймиз. Йиғимнинг сабаби бошқа. Бошимдаги сочим толаларича жоним бўлсаю барчасини диним йўлида фидо этсайдим, дея хаёл қилдим. Шу тушунча мени йиғлатди”, деб жавоб берди саҳоба. Ислом шарафига муносиб тарзда айтилган бу сўзни эшитгач, қирол яна бир таклиф билдирди: “Бошимдан ўпасан, сени озод этаман!” Византия мулкининг қаршисида иймонидан кечмаган Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу бир насронийнинг бошини қандай ўпсин?! Аксинча, бундай таклиф берди:
– Агар барча мусулмонларни озод этсанг, шартингни бажараман!
Қирол рози бўлгач, Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу унинг бошини ўпишга шайланаркан: “Бу одам, Аллоҳ душманларидан бири. Мусулмон биродарларимни қутқариш учун қилаяпман бу ишни”, деб ўйлади. Саҳоба шартни бажарди. Қирол ҳам сўзида туриб 80 нафар мусулмонни озод қилди. Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳунинг иймон йўлидаги фидокорлиги, матонати 80 нафар мўминнинг озод этилишига сабаб бўлди. Мадинага қайтган мусулмонларни кутиб олган ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуни табриклади ва тўпланганларга қарата:
“Абдуллоҳ қиролнинг бошини ўпиб, 80 мусулмон биродарини озод этилишига васила бўлди. Шу сабабли Абдуллоҳнинг бошидан ўпиш ҳар бир мусулмонга вожиб бўлди. Аввал мен ўпаман!” деди ва унинг бошидан ўпди.
Абдуллоҳ ибн Ҳузофанинг ота томондан насаби ҳазрат Луайда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга, она томондан эса Бану Ҳориса уруғига боғланади.
Икки марта Ҳабашистонга ҳижрат қилди. Бадр жангидан кейин Мадинага келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга барча ғазотларда иштирок этган Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бир гал Аллоҳ Расули тартиблаган 50 кишилик сарияга қўмондан этиб тайинланган.
Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоҳу анҳу ҳазрат Усмон халифалиги даврида Мисрда вафот этди. Аллоҳ барча саҳобалардан рози бўлсин!
Исломбек АНОРБОЕВ,
Зангиота тумани “Фатҳ” жоме масжиди
имом ноиби
“Ислом нури”газетасининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws