Иброҳим алайҳиссаломнинг туши
Орадан йиллар ўтиб, Иброҳим алайҳиссалом Маккага қайтди. У ерда ногоҳон Исмоил ва Ҳожарни учратиб, хурсанд бўлиб кетди. Исмоил анча улғайган, югуриб, ўйнаб юрарди. Улар яна бирга яшадилар. Иброҳим алайҳиссалом Ҳожарга айрича муҳаббат кўрсатар, ўғлини эса ҳар куни сайрга олиб чиқиб, оталик меҳрини аямасди. Уни шу қадар яхши кўрар эдики, иккиси бир-бирини кўрмаса туролмасди.
Тунларнинг бирида Иброҳим алайҳиссалом туш кўрди. Унда Исмоилни қурбонлик қилаётган экан. У чўчиб уйғонди. Ахир Исмоилни қаттиқ суяди. Иброҳим алайҳиссалом ўйга толди. У ҳақ пайғамбар, туши ҳам рост эди. Шу боис Аллоҳнинг иродасини бажо келтиришдан бошқа чораси йўқ эди.
Иброҳим алайҳиссалом Исмоилга шундай деди: “Мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дейсан?”. Исмоил: “Эй отажон! Сенга амр этилганни бажар, иншоаллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан”, деб жавоб берди.
У Исмоил билан йўлга чиқди ва Минога етганларида, ўғлини қурбон қилишни хоҳлади. Исмоил ерга (худди ухлашга ётгандек) ётди. Иброҳим алайҳиссалом пичоқни Исмоилнинг халқумига қўйди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом Ўзи буюрган ишни қиладими ёки йўқми, шуни кўришни истади. У Аллоҳни кўпроқ яхши кўрадими ёки ўғлиними? Ота ушбу имтиҳондан муваффақиятли ўтди. Аллоҳ Жаброил алайҳиссаломни жаннатдан бир қўчқор билан юбориб, шундай деди: Сен буни сўйгин, Исмоилни сўймагин. Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломнинг қилган ишини хуш кўрди ва мусулмонларга Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишни буюрди. Иброҳим Халилуллоҳга Аллоҳнинг салавоти ва саломлари бўлсин!
Унинг ўғли Исмоилга ҳам салавот ва саломлар бўлсин.
“Ислом нури”газетасининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws