Болаларимизга нимани ўргатяпмиз?
Ишга шошяпман. Бекатлар тўла одам. Автобуслар тиқилинч… Метрода ҳам аҳвол шу. Одамлар бир-бирларини итарган, туртган, қўполлик қилган…
Поезд келди. Одамлар бир-бирларини итариб, шошиб вагонларга отилиб кирди. 40–45 ёшлардаги аёл барчадан аввал вагонга кириб, ўтирди ва ёнидан икки жойни банд қилди. Бироз вақт
ўтиб, бўй етган қиз ва йигит (афтидан фарзандлари бўлса керак) одамлар орасидан суқилиб ўтиб, ушбу жойларни эгаллашди. Беш-олти ўрта ёшли аёл, бир оғироёқ аёл, 45–50 ёшлар, ундан-да каттароқ эркаклар, тиқилинч сабабли мен кўра олмаган яна қанча катта ёшли инсонлар тик оёқда…
Иккиқат аёлга 45 ёшлардаги бир эркак жой берди. Ўша кундан бери қачон жамоат транспортига чиқсам, битта савол қийнайди: “Болаларимизга нимани ўргатяпмиз?!”
Уламоларимиз тарбиянинг энг гўзал услуби – ўрнак кўрсатиш, деганлар. Буни ҳаётимда синадим ва аксар ҳолларда болаларимни менинг сўзларимни сўзлаётганини, ҳаракатларимни такрорлаётганини кўраман. Шу сабабли кейинги пайтларда болаларимга уни қилма, буни қилма дейиш ўрнига энг чиройли ўрнакни кўрсатишга ҳаракат қилмоқдаман.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Эҳсонни болаларингизнинг қўли билан қилинг! Уларга эҳсон қилишни ўргатинг”, деган. Бу сўзга ҳам амал қилиш ҳаракатидаман. Бугун болаларим кўчада ёрдамга муҳтож инсон кўрсалар, ёрдам берайлик, дейишади.
Бироқ кузатилаётган айрим ёмонликларни ҳам болаларим мендан ўрганаётганлари ҳақиқат… Худди ўзидан катта инсонлар тик турганда хотиржам ўтиришни онасидан ўрганаётган икки фарзанд каби… Болаларимизнинг 10–15 дақиқали роҳатини ўйлашдан аввал, уларга одобсизликни “ўргатаётганимизни” ҳам мулоҳаза қилайлик.
Телефондан эртадан-кечгача гаплашиб ибодатларни, умрларни зое қилаётганимизни, бунинг устига оғир гуноҳ – ғийбатни елкамизга олиб, бунинг таълимини бераётганимизни ҳам унутмайлик.
Хулоса қиладиган бўлсак, ҳар бир хатти-ҳаракатимизни олдиндан етти ўлчаб, бир кесайлик, “Болаларимизга нимани ўргатяпмиз?!” деган саволни ўзимизга бериб кўрайлик!
Нигора МИРЗАЕВА
“Ислом нури”газетасининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws