Эски арқоннинг зарари ёки нафс жилови ҳақида
Турдиқул тоға кампири билан оғилхонада ғимирлаб юрибди. Уларнинг “Олахон” лақабли сигири бор. Гавдали, калласи катта, шохлари узун, сирти ялтирайди. Аммо жуда сузонғич. Сигирни подага қўшиб кўришди. Феъли тез “Олахон” бошқа моллар билан сузишиб, подачи йигитни безор қилди. Шу-шу уни подага қўшмайдиган бўлишди. Энди чол-кампир эртаю кеч “Олахон” билан овора.
Жониворни соғишнинг ўзи бир азоб. Пишқириб охурдаги хашакларни тумшуғи билан сочиб юборади. Думи билан кампирни тинимсиз “савалайди”. Энди соғиб бўлдим деганда пақирни тепиб ағдаради. Чора сифатида думини чилвир билан шохига, орқа чап оёғини устунга боғлаб қўядиган бўлишди. Фақат арқон эскириб қолган эди…
Бугун ҳам минг машаққат билан соғиб олишди. Ипдан бўшатилган бузоқча онасининг елинини тортқилай кетди. Сигир боласиниялаб-юлқашга тушди. Роса тўйиб эмган бузоқча “мў”лаб оғилхонани бир айланди. Кейин очиқ турган эшикдан ҳовлига, ҳовлидан кўчага думини гажак қилиб шаталоқ отиб қочди. Кампир хаёл билан эшикни очиқ қолдирганидан ўкинди. Боласига алағда бўлган “Олахон” арқонини жони борича бир-икки тортган эди, узилиб кетди. Бузоғининг ортидан ўқдай учди. Ҳовлида ётган тўрткўз акиллаб изидан чопди.
– Ҳой отаси, сигирни ушланг! – деди кампир юзидан оқиб тушаётган терларини сидириб. Чол қўлида хашак билан ҳовлиқиб оғилхонага кириб келди.
– Кўчага чиқиб кетди! – довдираб қолган кампир ташқарига ишора қилди. Чол ғўлдираганча чопиб кетди. Турдиқул тоға серқатнов йўл бўйида сигирини шохидаги арғамчисидан ушлаб олди: «“Олахон”, тўхта, қаёққа кетяпсан? Астағфируллоҳ, бас қил! Бола деса, ўлигингни осмондан ташлайсанми?!» “Олахон” у ёқдан-бу ёққа ўзини уриб, Турдиқул тоғани судраб кетди. Эгасининг қўлидан бўшалиб, тез келаётган машина кетидан йўлнинг нариги томонига ўтиб олди. Йўл ўртасига чиқиб қолган Турдиқул тоғани тўсатдан юк машина уриб юборди. Фалокат кўз очиб-юмгунча рўй
берди. Кампири етиб келга- нида, чол жон таслим қилган эди. Момо даҳшатдан эс-ҳушини йўқотди, дод солиб ўзини эрининг устига ташлади…
Қиссадан ҳисса: озгина эътиборсизлик катта йўқотишга сабаб бўлди. Инсон нафси ҳам шунга ўхшайди. Қаттиқ жиловламасангиз, у ҳам қайсар сигирдек сизни ортидан судраб кетиб, бирор фалокатга йўлиқтириши ҳеч гап эмас.
Фазлиддин АБДУНАЗАРОВ,
Қува тумани.
“Ислом нури” газетасининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws