РАМАЗОН ОЙИГА МАЪНАВИЙ ҲОЗИРЛИК КЎРАЙЛИК!
Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Фарғона вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар билан учрашув ўтказдилар.
Муҳим масалалар муҳокама этилган йиғилишда Муфтий ҳазратлари кейинги йилларда диний-маърифий соҳада бўлаётган ўзгаришларнинг қадрига етиш, Ватан, дин ва халқ равнақи учун хизмат қилиш ҳақида сўз юритдилар. Шунингдек, имомлик шарафли мақом бўлиши билан бирга ўта нозик ва масъулиятли иш экани, имом-хатиблар шариат ходими сифатида мўмин-мусулмон халқимизни тўғри йўлга бошлашда ғайрат қилишлари, баъзи имом-хатиблар эса ўзларини ислоҳ қилишлари лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Ташриф давомида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Фарғона вилоятидаги жоме масжидларида Рамазон ойига тайёргарлик жараёнларини кўздан кечирдилар, хусусан, муборак ойга қадар масжидлар биноси техник ҳолати, хавфсизлик қоидалари ва санитария-гигиена талабларига жавоб беришини таъминлаш сингари ишларни тўлиқ якунлаш баробарида мўмин-мусулмонларимиз ибодатларини бекаму кўст адо этишлари учун барча шароитларни ҳозирлаш борасида кўрсатма ва тавсиялар бердилар.
Муфтий ҳазратлари намозхонлар билан мулоқот қилиб, Рамазон ойига маънавий тайёргарлик кўриш, меҳр-мурувват ишларини кўрсатиш ва турли исрофгарчиликлардан сақланиш каби масалаларга ҳам урғу қаратдилар.
Шу билан Муфтий ҳазратларининг водий вилоятларига қилган сафарлари якунланди.