Мақолалар

МАДИНАИ МУНАВВАРАНИНГ ФАЗИЛАТИ

Чоп этилди Aprel 21, 2024 МАДИНАИ МУНАВВАРАНИНГ ФАЗИЛАТИda fikr bildirishni o'chirish

Мадинаи мунавварага зиёратга бориш ҳаж-умра ибодатидан ҳисобланмаса-да, лекин бу улуғ шаҳарни зиёрат қилмаслик айб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрган ҳар бир уммат, хоҳ зиёратдан аввал бўлсин, хоҳ кейин бўлсин, Мадинаи мунавварага зиёратга боришга ошиқади. Бу ўтган азизларимизнинг гўзал одатидир. Бу ҳақда Аллома Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Аш-Шифо” асарида Исҳоҳ ибн Иброҳим Фақиҳдан қуйида гиларни нақл қилади:
Исҳоқ ибн Иброҳим Фақиҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳаж ибодатини адо этган киши Мадинага (кириб) ўтиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида намоз ўқиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Равзалари, минбарлари, қабрлари, ўтирган жойлари, қўллари билан ушлаган, оёқлари билан юрган жойлари, Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келганда суянган устунлари, Масжидун Набавийни обод қилган, (обод қилиш) пайида бўлган саҳобалари, мусулмонларнинг имомлари ила табаррукланиши ва уларнинг барчасидан ибрат олиши ҳанузгача давом этиб келаётган ишлардандир”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Учта масжиддан бошқасига кўч боғланмайди (сафар қилинмайди). Масжидул Ҳарам, Масжидул Ақсо ва менинг мана бу масжидим”, дедилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Мадинаи мунавварани яхши кўриш ва унга талпиниш бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мерос. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини тезлатардилар. Агар уловда бўлсалар, уни ниқтардилар”. Абу Абдуллоҳ айтади: «Ҳорис ибн Умайр Ҳумайддан қилинган ривоятда: “Уловни уни (Мадинани) яхши кўрганларидан ниқтардилар” (сўзини) зиёда қилган» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Аллома Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳадис Мадинанинг фазилати, ватанни севиш ва унга ошиқиш шариатда мавжудлигига далилдир”, деган.
Бу азим шаҳар нақадар улуғ ва нақадар фазилатда тенги йўқ. Қандай ҳам улуғ ва фазилатли бўлмасин?! Ахир унинг ҳаққига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари дуо қилганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энди пишган мевани келтирилар эди. Шунда у зот: “Аллоҳумма барик ла на фи мадинатина ва фи самарина ва фи муддина ва фи соъина барокатан маъа барока” деб дуо қилардилар. Сўнгра уни ҳозир бўлган болаларнинг энг ёшига берардилар» (Имом Муслим ривоят қилган).
Дуонинг маъноси: “Алло ҳим, Мадинамизга, меваларимизга, муддимизга ва соъимизга барака устига барака бер”. (Муд ва соъ – ҳажм ўлчов бирликлари).
Бу муборак шаҳар ҳақида яна жуда кўп ҳадисларни келтириш мумкин. Мадинаи мунаввара ер юзидаги фазилат ва баракада тенги йўқ шаҳар бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижрат қилган иккинчи ватанларидир. Мадина шаҳри Ислом тарихидаги биринчи пойтахт, Маккадан кейин иккинчи муқаддас жойдир. Бу шаҳар Қуръони каримнинг жуда кўп оятлари нозил бўлган, саҳобаларга бошпана бўлган,
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак таналарини ўз бағрига олган, кўплаб саҳобалар дафн этилган нурли заминдир.
Мадинаи мунавварада шаҳар аҳлига маълум ўттизга яқин зиёрат қилиш суннат бўлган жойлар бор. Уларнинг энг муҳимлари қуйидагилар:
– Масжидун Набавий;
– Бақиъ қабристони;
– Қубо масжиди;
– Хурмозор;
– Масжиду Қиблатайн;
– Уҳуд тоғи.
Зиёpaтчи Maдинaи мyнaввapaдaги Масжидун Набавийда фapз нaмoзлapини жaмoaт билан aдo этишга ҳаракат қилмоғи лозим. Ундан ташқари кўпроқ нафл нaмoзлap, Қуръон тилoвaти, caлавот, истиғфор ва бошқа зикрларни айтиш билан машғул бўлмоғи ажр-савобларни янада кўпайтиради. Зиёратга келган киши бу муборак заминда турли жиноят, озор бериш ва бошқа беҳуда ишларни қилишдан тийилади.

“Умра – улу- амал” китобидан

Муаллиф: Нуриддин домла Холиқназаров
Нашриёт: «Shamsuddinxon Boboxonov»  нашриёти
Сана:2023 йил
Ҳажми: 272 бет
ISBN: 978-9943-12-684-8
Ўлчами: 60х84 1/32
Муқоваси: юмшоқ

http://hidoyatuz.taplink.ws