Буюк аждодимизга ҳурмат ва эҳтиром намунаси
Яқинда давлатимиз раҳбарининг “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу ҳужжат муқаддас ислом дини равнақига беқиёс ҳисса қўшган буюк олим, ватандошимиз Имом Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ушбу йўналишда олиб борилаётган тадқиқотларни яқиндан қўллаб-қувватлаш, ёш авлод қалбида миллий ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Қарорда қайд этилганидек, Имом Термизийнинг “Аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарлари нашр этилади, улуғ аждодимиз ҳаёти ва илмий фаолиятини очиб берувчи ҳужжатли фильм яратилади, театрларда эса спектакллар саҳналаштирилади. Албатта, бу каби саъй-ҳаракатлар катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, кишиларни ҳалол ва адолатли яшашга, иймон-эътиқодли, мурувватли ҳамд раҳм-шавқатли бўлишга тарғиб этади. Зотан, бундай панд насиҳат ва ўгитлар, айниқса, ёшларимизнинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб камол топишларига хизмат қилади.
Бу йил октябрь ойида пойтахтимизда “Ислом — тинчлик ва эзгулик дини” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади. Унинг доирасида Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман ҳам бўлиб ўтади.
Айни пайтда Шеробод туманидаги Имом Термизий зиёратгоҳига олиб борувчи йўлларни обод қилиш учун амалий ишлар бошлаб юборилган.
Шунингдек, Имом Абу Исо ат-Термизий мажмуасида Имом Термизий ва термизий алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий фаолиятига бағишланган асарлари кўргазмаси бўлиб ўтади. Бунинг учун ҳозирдан қизғин тайёргарлик ишлари олиб бориляпти.
Имом-хатиблар ва диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Имом Термизий асарлари бўйича ҳадислар билимдони” танловини ўтказиш кўзда тутилган.
Буюк бобокалонимизга мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, ноёб асарлар ва бошқа маданий бойликлар реставрация қилинади. Хорижий мамлакатларда сақланаётган Имом Термизий қаламига ва у яшаган даврга оид ноёб асарларнинг нусхалари юртимизга олиб келинади ва тадқиқ этилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги Ислом институти фаолияти йўлга қўйилгани ҳам халқимизнинг эътирофига сазовор бўлди.
Таъкидлаш керакки, 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб мазкур таълим муассасасига абитуриентлар қабул қилиш бошланди.
Президентимизнинг 2016-2017 йилларда Абу Исо ат-Термизий мажмуасида улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 450 ўринли масжид, таҳоратхона, ошхона, бешта шарқона айвонча ва учта шарқона дарвоза қурилди. Имом Термизий мақбараси қайта таъмирланди ва унинг ёнида қўшимча зиёратгоҳ қад ростлади.
Бундан ташқари, Президентимизнинг ташаббуси билан 2017 йилда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилган эди. Бугунги кунда мазкур муассасада ислом дини, ҳадис илми, Исо Термизий ҳамда термизий алломалар мероси чуқур ўрганилиб келинмоқда. Диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланишга қаратилган дарслик ва ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар, илмий-амалий тавсиялар тайёрланмоқда. Бир сўз билан айтганда, марказда замонавий қулайликлар асосида энг долзарб илмий тадқиқотлар олиб бориляпти. Бу эса Имом Термизий ҳаёти ва асарларини чуқур ўрганиш, уларни халқимизга тушунарли тилда етказиб бериш хизмат қилмоқда.
Умуман олганда, мамлакатимизда буюк аждодларимиз, хусусан, Имом Термизий шахси ва ижодини тадқиқ этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу эса халқимизнинг ўлмас қадриятларга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиромининг ёрқин тимсолидир.
Дилмурод СОДИҚОВ