БУЮК МУҲАДДИСГА УЛУҒ ЭҲТИРОМ
Мамлакатимизда буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш, халқимиз ҳамда халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, муҳими, ёшларимиз онги ва шуурига етказиб, уларда она-Ватанга бўлган муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яқинда давлатимиз раҳбарининг “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилингани ана шу эзгу ишнинг узвий давоми бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Ҳужжатга мувофиқ, Имом Термизийнинг “аш-Шамоил ал-Муҳаммадийя” ва “Сунани Термизий” асарлари мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳабига таянган ҳолда кўп жилдлик академик таржимаси ҳамда шарҳи тайёрланади. Демак, ўқувчилар тез орада ушбу нодир асарларнинг янги нашридан ҳам баҳраманд бўлишади.
Дарҳақиқат, боболаримиз ёзиб қолдирган маънавий меросни ўрганиш бугунги ахборот асрида, хусусан, кишилар онги ва қалбини эгаллаш учун курашлар кетаётган бир пайтда ҳар жиҳатдан муҳимдир.
Афсуски, ҳозирги пайтда айрим тўғри йўлдан адашаётган, турли ғаламис кимсаларнинг алдавига учраб қолаётганлар ҳам йўқ эмас. Бу тоифадагилар билан суҳбатлашсангиз уларнинг Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний каби бобокалонларимизнинг асарларидан умуман бехабарлиги маълум бўлади.
Шундай экан, улуғ мутафаккирларимизни яқиндан таниш, уларнинг беназр меросидан баҳраманд бўлиш орқалигина фарзандларимизни турли хуружлардан асрай олишимиз мумкин.
Дарвоқе, Имом Термизий асарлари ҳам тарбиявий аҳамияти билан бугунги кунда ўрганилиши лозим бўлган манбалардан биридир. Зотан, уларда илгари сурилган ғоялар кишиларни эзгу амалларни бажаришга, шариатимизни равон усулда ўрганишимизга кўмак беради.
Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий Имом Термизийнинг “ал-Жомиъус-Саҳиҳ” китобини сифатлаб: “Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўё уйида Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар”, деган.
Имом Термизий ҳадисларни жамлаш ва аниқлашда, ёдлаш ҳамда зикр қилишда алоҳида мақомга эга бўлган. Унинг “Сунани Термизий” асари “Саҳиҳ Бухорий” ва “Саҳиҳ Муслим” китобларидан кейинги ўринда туради.
Имом Бухорий шогирди Имом Термизийга: “Сен мендан фойдаланганингдан кўра, мен сендан кўпроқ фойдаландим”, деган лутфи ҳазрат Термизийнинг нақадар улуғ олимлигини исботлайди.
Имом Термизийнинг “Китобу азим” (“ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”) китоби “Саҳиҳут Термизий” номи билан машҳур. Шунингдек, “Шамоилун Набавия”, “Илалу муфрад”, “Илалу фий охири жомиъ”, “Китобуз зуҳд”, “Китобут тарих”, “Асмоус саҳоба”, “ал-Асмо вал куна”, “Китобу фийл асарил мавқуфа” каби асарлари ҳам дунё китобхонлари томонидан алоҳида қардланади.
Буюк боболаримизнинг ҳаёт йўлларини, уларнинг асарларни ўргансак, биз учун катта манфаатдир. Зотан, бутун Ислом оламида Имом Термизийдек олимларнинг китоблари катта қизиқиз билан ўрганилар экан, бу борада биз барчага ибрат бўлмоғимиз лозим.
Абдуқаҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби