Жойимизни созлайлик!
Мўнкиллаб қолган отахондан сўрашди:
– Ўтган умрингиздан қандай сабоқ чиқардингиз?
У киши қуйдагича жавоб берди:
– Шуни ўргандимки, албатта, ҳаётингни қандайга қарз олган бўлсанг шундай қайтарар экансан.
Мазлум инсонга албатта ёрдам келар экан, гарчанд, узоқ муддат ўтса ҳам.
Тунги ўқлар (дуолар) зое кетмас экан.
Ҳаёт биз ғафлатда бўлган ҳолимизда бир лаҳзада тугаши мумкин экан.
Ширин сўз, хушмуомалалик ва олийжаноблик ахлоқлар дастмояси экан.
Бутун олам ичра энг бой инсон соғлом ва омонликда бўлган инсон экан.
Саримсоқ пиёз эккан одам ҳосил пайтида райҳон термас экан.
Умрнинг ниҳояси бор, иш эса бениҳоя экан.
Кимки инсонлар ўзини эшитишини хоҳласа, ўзи ҳам одамларга қулоқ солмоғи лозим экан.
Инсонлар билан бирга сафар чиқиш уларнинг хазинасини очиб кўрсатувчи заррабин (микроскоп) экан.
Яна шуни билдимки, “мен ундай, мен бундай”, дейдиган кимсанинг ичи бўм-бўш бўларкан.
Хазинаси (қалби, хулқи, амали) олтин бўлган одам олтинлигича қолар, хазинаси темир бўлгани эса, ўзгариб занглаб қолар экан.
Дафн қилинганларнинг кўп ниятлари амалга ошмай қолар экан.
Яна шуни ўргандимки, биз кичик уйқудан роҳат топиш учун ётоғимизни тартиблаб, хонамизни салқинлатамиз, лекин ўлим чоғи роҳатда бўлишимиз учун амалларимизни тартиблаб ва қабримизни тоат-ибодат билан салқинлатишимиз керак экан!