Ҳалолига қаноат – фарзандларга саодат
Ҳомиладорлик – аёл ҳаётидаги муҳим жараён. Унда ҳам жисман, ҳам руҳан ўзгаришлар кузатилади. Бу даврда айримлар тез-тез очликни ҳис этиши, баъзилар эса сув ичса ҳам, қайт қилиши мумкин.
Шифокорлар аёлдаги турли ўзгаришларга кўра қандай витаминлар етишмаётганини аниқлайди ва беморларга ана шу дармондориларни тавсия қилишади.
– Ҳомиладорликни режалаштираётган аёллар керакли витаминларни вақтида қабул қила бошлашса, ўзларига фойдали бўлади, – дейди гинеколог Ўғилой Исмоилова. – Масалан, уларга B6 витамини етишмаса, қайт қилади, фолий кислота танқислигида асабийлик, заифлик ва уйқучанлик кузатилади. B6 магнийнинг камлиги оғриқларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳомиладор аёл нафақат витамин қабул қилиши, балки соғлом турмуш тарзини ҳам йўлга қўйиши керак. Унга тез-тез илиқ сувда ювиниш, болалар совунини ишлатиш тавсия этилади. Иссиқ буғ ёки сауналар ҳомилага салбий таъсир қилади. Таомлангандан сўнг оғизни илиқ сувда чайиш милклар зарарланишининг олдини олади. Озодаликка эътибор бериб, хонани шамоллатиб, пол ва токчаларни нам латта билан артиб туриш зарур. Шунингдек, текис ва нисбатан қаттиқроқ ўринда 8–9 соат ухлаш фойдали. Қуёшдаги табиий D витамини учун сайрга чиқиш вақти эрталаб соат 8:00 ва 11:00 оралиғида бўлгани маъқул.
Зиғир толаси ва ипак газламалардан тикилган либослар кийиш тавсия этилади. Белбоғни қаттиқ боғлаш, кўкрак қафасини сиқиш ва резинали пайпоқлар кийиш мумкин эмас.
Юкли аёл танасининг оқсилга бўлган эҳтиёжи ҳомиладорликнинг иккинчи ярмида 50 фоизга ортади. Шунинг учун бу пайтда аёл кунига беш-олти маҳал оз-оздан овқатланиши керак. Кўп қувват берувчи таомлар, масалан, гўшт, балиқ, тухум, пишлоқни эрталаб ва кундузи истеъмол қилиши лозим. Кечқурунлари эса енгил ҳазм бўладиган сутли ва сабзавотли овқатларни егани маъқул. Бу даврда аёлларда қабзият (ич қотиши) кўп кузатилади. Бунда мева-сабзавотларни хомлигича ейиш наф беради. Тузнинг меъёридан ортиғи танада сув тўплайди ва шишларга сабаб бўлади. Шунинг учун тузни камайтирган маъқул.
– Қуръони каримда: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир”, дейилади (Аҳқоф сураси, 15-оят). Бу оятда аёлнинг ҳомиладорлиги осонлик билан бўлмаслиги таъкидланган, – дейди Андижон вилояти бош имом-хатибининг хотин-кизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Шоирахон Қосимова. – Шу сабабли ҳам фарзандлари олдида онанинг даражаси отадан бир неча баробар юксак. Аёлларимиз никоҳланганида жуфтига ва оиласининг бошқа аъзоларига яхши муносабатда бўлиб, атрофида гўзал муҳит ва яхши кайфиятни ярата олиши лозим. Ҳомиладорлик даврида эса хушфеъл бўлиши, яқинлари ҳам унинг вазиятини тушуниб, кўмак беришлари керак. Бу даврда аёлдаги ҳар бир жараённи ҳомила ҳис қилади. Афсус, айрим ҳомиладор аёлларимиз баъзан жанжалли ёки ахлоқсиз кинолар, сериалларни томоша қилишяпти. Юкли аёл олдида қариндошлари ғийбат, иғво билан банд. Ҳолбуки, бу даврда мутолаа, Аллоҳ зикрида бўлиш, Қуръонни ўқиб, ёдлашнинг фойдалари кўп. Илм она қорнидаёқ сингиб боришини фан исботлаган. Шунингдек, тананинг, либоснинг поклиги луқманинг ҳалоллиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аёл киши, оз бўлса-да, ҳалолга қаноат қилиши, айниқса, бу даврда, ҳар нени егиси келганда ҳам жуфтини фақат ҳалолликка даъват этиши лозим.
Боязид Бистомий ҳақидаги воқеа ҳам ҳалол луқма нечоғли аҳамиятга эга эканини кўрсатади. «Нақл қилибдурларким, Боязиднинг волидаси айтур: “Ҳар қачонким шубҳали таом есам, Боязид қурсоқимда тепишур эрди. То ул таомни ёндириб ташламағунча ором олмас эрди”».
Шундай экан, она бўлиш бахти остонасида турган опа-сингилларимиз фарзандининг камолоти учун унга эътиборни мана шу тўққиз ойлик даврдаёқ бера бошлаши мақсадга мувофиқ.
Камола АДАШБОЕВА
“Мўминалар” журнали, 3-сон, 2024 йил