Эл оралаб. Боқимандалик – хорлик
Хизмат сафари билан вилоятлардан бирига боргандик. Маҳалла раиси билан муҳтож оиланинг уйига кириб ўтдик. Кейин ундан бироз яёв юришни илтимос қилдим. Унчалик хушламади-ю, аммо рози бўлди. Юриб бораётувдик. Йўл бўйидаги дарахтнинг соясида икки киши ўтирган экан. Саломлашдик. Уларнинг кексароғи раисга: “Тиш қўйдиряпман, менга бир миллион олти юз сўм беринг!” деди. Раис: “Хўп”, деди. У киши: “Ҳар доим ваъдани бериб кетасиз, аммо пул бермайсиз”, деди. Раис: “Сиз ҳужжатларни топшириб қўйинг, имконияти бўлган заҳоти берамиз”, деди. Шу билан юриб кетдик. У одам орқамиздан яна нималардир деб норози оҳангда жавраб қолди.
Қизиқ экан-ку, кўчада дуч келган одам маҳалла раисидан пул сўрайверадими? Ҳайрон бўлиб турганимни кўрган раис дардини ёрди: “Ҳаммадан қарз бўлиб қолган одам кўчага чиқа олмай қолади-ку, мен ҳам худди ўшанга ўхшаб қолдим. Кимни кўрсам пул сўрайди. Бир куни бир чол келибди. “Фалон санаторияга йўлланма олдим, энди йўл пули беринг”, дейди. Санатория қирқ километр ҳам чиқмайди, дамаслар ғизиллаб қатнаб ётибди. Яна денг, тўртта ўғли бозорчи, ҳаммасининг тагида гижинглаган мошин. Унинг сурбетлигидан жаҳлим чиқиб, шартта чўнтагимдан юз минг чиқариб бердим. Олди-ю кетди. Икки-уч кундан сўнг катта ўғлини учратиб қолдим. “Отахонни ёлғизлатиб қўйибсиз, санаторияга боришга маҳалладан йўл пули сўраб чиқибди. Ёнимдан юз минг бериб юбордим”, дея атайлаб юз мингга урғу бериб гапирдим. Ўғли: “Эйй, бизни уятга қўйибди-ю, ўзимизга айтмабди-да эҳтиёжини…” деди. Лекин менинг юз минг сўмимни бермади. Мана бу чолнинг ўғлининг ҳам топиши зўр. Аммо улар маҳаллани тугамайдиган хазина деб ўйлашади. Ўтган куни бир бойваччанинг онаси ўғлининг пластик рақамини олиб чиқибди. “Шунга тезлатиб бир ярим миллион ташаворинглар, ўғлимнинг пули тугаб қолибди”, дейди”.
Тўғриси, бу манзараларни чиндан ҳам ҳайратланарли эди. Чунки биз таниган одамларга пул узатсангиз хижолат бўлганидан терга ботиб кетади. Аммо бу тоифа қачон пайдо бўлди? Одамларимиз юртга, миллатга фойдаси тегишини ният қилиб жазирама иссиқларда, қаҳратон совуқларда кечани кеча, кундузни кундуз демасдан фидокорона меҳнат қилаётган паллада бунақа боқимандалик кайфиятидаги кимсалар қаердан пайдо бўлди!
Бинобарин, садақа ва ёрдам пулларини иддао қилиб сўровчиларга эмас, иффатларини сақлаган ҳолда муҳтожликларини изҳор қилмасдан, кимсадан нарса сўрамаган кишиларга берилса, қандай ярашади. Ўзи ана ўшалар чинакам эҳтиёжманд ва кўмак олишга ҳақли инсонлардир. Чунончи, Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 273-оятида: “(Садақа ва хайру эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тутилган, (тирикчилик учун) ер юзида кезишга қодир бўлмаган, иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар. Нима яхшилик нафақа қилсангиз, бас, Аллоҳ албатта уни билгувчидир”.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир икки хурмо ёки бир-икки луқмани олиб қайтадиган мискин эмас, иффатли бўлиб турган мискиндир. Хоҳласангиз, «Одамлардан хиралик билан сўрамайдилар», оятини ўқинг», дедилар».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набийимиз алайҳиссалоту ва саллам: «Ким ўзида етарли нарса бўлатуриб одамлардан тиланса, қиёмат куни юзи тирналган ҳолда келади», деганлар.
Модомики, қўлни садақага очиш – ўзни хорликка бошлаш экан, юртдошларимизга, айниқса, ёшларимизга бундай ишлардан йироқ бўлишнинг катта саодатлигини тушунтирайлик. Маҳаллага, кўмакка муҳтож кишиларга ёрдам қўлини чўзаётган инсонларни уларга ибрат қилиб кўрсатайлик. Токи келажакда улар ёрдам сўровчи боқиманда эмас, ёрдам кўрсатувчи серғайрат, тадбирли инсонлар бўлсин. Ана шундагина юртимиз равнақ топади ва қилаётган ишларимиз шариатимиз амрларига ҳам мувофиқ бўлади.
Дамин ЖУМАҚУЛ