Исроил ҳарбийлари пул эвазига Эрон учун жосуслик қилмоқда?
Полиция ва Шин Бет Исроилнинг шимолий қисмидан бўлган захирадаги 21 ёшли икки ҳарбийни Эрон учун пул эвазига жосуслик қилганликда гумон қилиб қамоққа олганини маълум қилди.
Исроилнинг “Ҳааретз” газетаси Давлат прокуратурасига асосланиб, гумонланувчилардан бири 3500 доллар олганини хабар қилди.
Хабарда айтилишича, гумонланувчилардан бири “Темир гумбаз” бўлинмасида хизмат қилган ва махфий маълумотларга эга бўлган. У тизимнинг ишлаш тартиби ҳақидаги видео лавҳаларни юбориш орқали бу маълумотларни эронлик агентга етказган.
Полиция маълумотларига кўра, тасвирларда ўта махфий маълумотлар бўлиб, улар Исроил армиясининг операцияларига жиддий зарар етказган. “Темир гумбаз” – Исроилнинг мудофаа тизими бўлиб, у яқинлашаётган ракетани аниқлайди, унинг йўналишини белгилайди ва уни йўқ қилади.