Қозоғистон муфтийсига ўринбосар тайинланди
Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, Бош муфтий Наврузбай ҳожи Тағанули муфтият ходимларининг махсус йиғилишида Ермек Муҳатайни муфтий ўринбосари лавозимига тайинлангани ҳақида эълон қилди, деб хабар беради muftyat.kz.
“Маълумки, йил бошидаги дастурий маърузамда бир қатор йирик лойиҳаларни амалга оширишни маълум қилган эдим. Президиум йиғилишида бу йилнинг асосий лойиҳаларини белгилаб олдик. Шу муносабат билан ишимиз самарадорлигини янада ошириш ва ривожлантириш мақсадида Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари лавозимига Шарқий Қозоғистон вилояти бош имом-хатиби Ермек Касболатули Муҳатайни тайинлаш тўғрисида қарор имзоладим. Катта тажрибага эга бўлган Ермек Касболатули муфтийят фаолиятига ўз ҳиссасини қўшишига ишончим комил”, – деди Бош муфтий.
Шунингдек, Ермек Муҳатай бундан олдин Алмата ва Остона шаҳарлари масжидларида фаолият юритган. 2015 йилдан эса Шарқий Қозоғистон вилояти ва “Халифа Алтай” жоме масжидининг бош имоми лавозимида ишлаган.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.