Қозон 2026 йилда Ислом оламининг маданий пойтахти деб, эълон қилинди
Қозон 2026 йилда Ислом олами маданий пойтахти деб эълон қилинди. Бу қарор Жиддада бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо давлатларнинг маданият вазирлари йиғилишида қабул қилинди. Islam-News маълумотларига кўра, бу хусусида Татаристон Президенти Рустам Минниханов маълум қилди.
Маданий пойтахт мақоми Қозоннинг ислом цивилизацияси илмий ва маданий меросини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини таъкидловчи тадбирлар ўтказилишини назарда тутади.
Қозон бу унвонга сазовор бўлган биринчи россиялик шаҳарга айланади, бу эса алоҳида аҳамиятга эга. Россияда ислом тарихи билан боғлиқ энг қадимий шаҳар 5000 йиллик Дербент ҳисобланса-да, айнан Татаристонда ислом давлат дини сифатида эълон қилинган. Бу воқеа Волга Булғорияси ҳукмдори ва қабила етакчиларининг ихтиёрий равишда исломни қабул қилиши билан содир бўлган. Татаристон раҳбарияти ИҲТга аъзо давлатлар маданият вазирлари конференциясида ана шу муҳим тарихий воқеа алоҳида таъкидланди.
Кенгроқ геосиёсий нуқтаи назардан қаралса, Россия Президенти Владимир Путиннинг 2003 йили Малайзияда билдирган “Россия ислом оламининг бир қисми” деган асосий ғояси ҳамда кейинги қарорлари, жумладан, Қуръони каримни ҳимоя қилиш ва ислом қабул қилинганлигининг 1100 йиллигини нишонлаш, Россиянинг ислом дунёсидаги мавқеини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутди. Бу, айниқса, ҳозирги глобал беқарорлик шароитида катта аҳамиятга эга.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.