Меҳмондан оғриниш бўлмасин…
Пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссалом меҳмоннавоз зот эдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад!) Сизга Иброҳимнинг азиз меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳим) ҳузурига кириб: “Салом!” дейишганда у ҳам: “Салом! (Булар) нотаниш қавм-ку!” деди. Сўнгра у аста оиласи олдига чиқиб, бир семиз бузоқни (сўйиб, пишириб) келтирди. Уни уларга яқин қилиб, “(Таомдан) емайсизми?” деди» (Зориёт сураси, 24–27-оятлар).
Ҳадиси шарифларда ҳам меҳмонни иззат қилиш тарғиб этилган: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззатласин…” (Имом Мулим ривояти).
Биз меҳмонларини иззатлаган Иброҳим халилуллоҳ миллати ва Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматимиз. Бироқ, минг афсуски, бугун уйимизга келадиган меҳмондан малолланадиган бўлиб қолдик.
“Мўминалар” журналининг 3-сонида чоп этилган Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Меҳмон – атойи Худо” мақоласини ўқиб, қаттиқ таъсирландим. Муаллиф бугунги кунда унутилаёзган қадим бир анъанани, динимизнинг гўзал чақириғини ёдимизга солди. Бугун тўйлар тўйхонада, чақириқлар кафеларда, ҳатто дийдорлашув, қариндошларнинг йиғинлари ҳам тамаддихоналарда ўтказилмоқда. Муаллиф айтганидек, “Кўп меҳмон келадиган уй Аллоҳ таолога маҳбуб маскандир. Бундай масканга Аллоҳ таолонинг раҳмати ва баракоти ёғилади”.
Бироқ биз ана шу ҳақиқатни унутиб, уйда меҳмон кутишдан оғрина бошладик. Кимдир ақл ўргатди: “Меҳмонга қўйиладиган таомлар 3 хил бўлиши керак: суюқ, қуюқ ва десерт…”
Яна кимдир ўзича ҳеч бир асоси йўқ тартибни киритди: “Меҳмонга қўйиладиган идишлар бир хил бўлиши лозим!” Меҳмонга борганлар ҳам жим туришмади, ўша жойдан “кир” қидиришди: “Уйи унчалик тартибли эмас экан…”
“Эр-хотин тузуккина топишади, уйини сал таъмирлаб қўйса бўлмайдими?”
Бундай гап-сўзларга ўрин қолдирмаслик учун бир ҳафта аввал тайёрланиладиган бўлди. Таъмирталаб жойлар таъмирланди, идишлар ҳам кўздан кечирилди. Қошиқ-санчқининг гули ҳам бир хил бўлишига разм солинди, бозор қилинди. Қуюққа нима тортиладию суюққа нима?!Ҳаммаси ипидан игнасигача режалаштирилди…
Бу ортиқча даҳмазалар сабаб борини тўкиб, кўнгил оғринмай очиқ юз, бағрикенглик билан меҳмон кутишлар ўтмишда қолиб кетди. Меҳмонни кўчадан нари кузатиб юбориш урф бўлди. Гоҳида шунчаки тушлик қилиш учун кирган тамаддихонада одам кўплигидан, оилавий йиғинларнинг бир эмас, бир нечаси шу ерларда ўтказилаётганидан ҳайратга тушасан киши. Бир дўстим шундай манзарани кўриб, сўраган эди: “Нима бало, ҳеч ким уйида овқат қилмай қўйганми?!” Шундан кейин ҳам ўзимизни меҳмонсиз таом емаган Иброҳим халилуллоҳ миллатиданман, дея олармиканмиз?
“Меҳмон – атойи Худо!” мақоласида айтилганидек, меҳмон туфайли уйдан турли бало-офатлар чиқиб кетарди, меҳмон келган хонадонга барака ва ризқ ёғилади…
Шулар ҳақида ўйлаб, сиз азиз аёлларга: “Келинг, меҳмонни худди момоларимиздек уйимизда кутайлик”, дегим келди. Ҳеч кимнинг сўзига қулоқ солмай, ўзимиз ейдиган кундалик таомни дастурхонга тортайлик. Муҳими, у “Бисмиллаҳ” айтиб пиширилган бўлсин! Майли, болаларимиз учун олиб келган печенье, конфетларни қўйган идишларимизнинг ҳам гули турфа бўлсин! Уйимиз деворининг гулқоғози кўчган бўлса ҳам, фақат меҳмон келганидан қалбимизда оғриниш бўлмасин…
Атира РАҲМОНОВА,
Марҳамат тумани
“Мўминалар”, 5-сон, 2024 йил