Мали – бағрикенг ўлка
Ғарбий Африкадаги Мали Республикаси ғарбда Сенегал, шимолда Мавритания ва Жазоир, шарқда Нигерия, жануби-шарқда Буркина-Фасо, жанубда Кот-д’Ивуар ва Гвинея билан чегарадош. Аҳоли сони йигирма миллиондан зиёдроқ.
Ислом Ғарбий Африка ва Малига кириб борганига минг йилдан ошди: мусулмонлар Малида 734 йили пайдо бўлган. Улар ушбу юрт аҳолисига ўзларининг покизаликлари, ваъдасида собитликлари ва яна кўплаб ижобий хусусиятлари билан таъсир кўрсатиб, уларни Исломга қизиқтириб қўйган. Натижада XIII асрда Мали империяси асосчиси Сунжат Кейтнинг вориси Вали Кейт (1255–1270) Исломни қабул қилган.
Ўша замондан бошлаб Малида мусулмонлар сони тўхтовсиз ортиб бормоқда. Натижада Ислом юзлаб йиллар давомида Мали маданиятининг ажралмас қисмига айланиб борган.
Малидаги оғзаки манбалар ва ёзма адабиётларда диний низолар ҳақида маълумотлар учрамайди, аммо баъзи диний можаролар бўлиб ўтгани қўшни юртлардаги манбаларда қайд қилинган. Масалан, 1757 йилда Сагу империяси асосчиси, бутпараст Мамари Битон Кулибалининг ўғли Али мусулмон эди. У Ислом шариати қонунларини мажбурий жорий қилишни мақсад қилади, спиртли ичимликларни ва бутларга сиғинишни тақиқлайди. Унинг бу қарори маҳаллий динга эътиқод қилувчилар қаршилигига учрайди. Шунга ўхшаш воқеа XIX асрда Тоғли Бандиагарда (догонлар давлати) юз берган.
XIII асрда мамлакат аҳолисини Исломга киритган шоҳ Жанна Кой Комборонинг бутпараст вориси Малаха Танапо икки қисмдан иборат иншоот қурдирган – улардан биттаси масжид бўлган, иккинчисига анъанавий диндагиларнинг бутлари ўрнатилган.
Умуман, ўрта асрлардаги Мали қиролликлари ва империяларида этник озчиликларнинг кенг қамровли ўзини ўзи бошқариш тамойиллари кейинги даврларда ҳам сақланиб қолган: одатда уларнинг қарамликлари фақат солиқ тўлаш ва уруш вақтида кўнгиллилар тузиш мажбурияти билан чегараланган бўлган. Динлараро муносабатлар ҳам ўзаро бағрикенгликка асосланган эди. Сагу «империя»си асосчиси, бутпараст Мамари Битон Кулибали (1712–1755) мусулмон онаси Ба Суну Сако намоз ўқишга узоқ жойларга бориб юрмаслиги учун унга атаб масжид қурдирган.
Масина ва Тимбукту шаҳарларида ёки тукулерлар империясида (XIX асрнинг иккинчи ярми) диний сабабларга кўра дунёда юз бераётган зиддиятлар Малига хос эмас эди.
Ҳозирги кунда малиликларнинг катта қисми мусулмон. Мамлакат аҳолисининг 90 фоизи суннийлар ҳисобланади. Аҳолининг тахминан 5 фоизи насронийлар (католиклар ва протестантлар), қолган 5 фоизи малиликларнинг анъанавий эътиқодларига амал қилади. Кейинги йилларда тараққиёт жадаллашуви, саводхонлик бирмунча юксалаётгани натижасида анъанавий динларига эътиқод қилган малиликлар, айниқса, ёшлар ўртасида Исломга мойиллик ортиб бормоқда.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналидан олинди.