Хато қилиб қўймайлик
Рамазонда катта-кичикнинг ҳиммати жўш уриб кетади, ёрдамсевар бўлиб қолади, эҳсонлар, ҳадялар қилади, яна савоб олиб қолишнинг турли йўлларини ўйлаб топади ва топганларидан завқланади…
Ана шундай савоб ишлардан бири, масжидларда таровеҳга келган намозхонларга сув тарқатишдир. Чунки ифторда таомланиб келиб, икки соатдан ошиқроқ тик туриб намоз ўқиётган одам чанқайди, албатта. Шунинг учун ҳам Республикамиздаги таровеҳ ўқилаётган масжидларнинг ҳаммасида сув тарқатиш эзгу анъанага айланди.
Аммо кеча таровеҳда бу ишнинг бир нозик жиҳати эътиборимни тортди. Намоз бошланганида чанқамасман деб ўйлаб сув олмагандим. Бироқ 12 ракатдан кейин чанқоқ зўрлик қилди. Бориб эшик олдига қўйилган халтадан бир баклашка сув олиб келиб жойимга ўтирдим-у, нима қилишни билмай қолдим. Чунки сув идишчасига Аллоҳнинг исми ёзилган эди. Атрофдагиларнинг ҳаммаси сув идишларини қаршисига ёки ёнига ётқизиб қўйган. Улар, балки Раббимизнинг оти ёзилганига эътибор қилишмагандир, балки нима қилишни билмасдан шундай қилишга мажбур бўлгандир. Чўнтакка солиб қўя олмайсиз – намозга халақит қилади…
Унга нима деб ёзилган денг: “Аллоҳим, дунё молида кўзим йўқ, аммо бир қўлингда кўнглим бор, Уни менга, мени унга хайрли бир шаклда насиб айла”. Бу дуонинг маъносини унчалик яхши тушунмадим-у, аммо яхши ният билан ёзилгани аниқ. Аллоҳ таолодан умиди бор, гўзал хулқ соҳибларидан бирининг илтижоси. Бироқ ўша савоб талаб юртдошимиз бу сув идишларининг ерда, оёқ остида туриб қолишини ўйламаган бўлмаса керак.
Ўзи шу дуонинг тагида “Рамазон муборак” деган ёзуви бор. Ўшанинг ўзи кифоя эди. Ҳаммамизнинг ҳам Раббимиздан сўрайдиганларимиз кўп. Аммо бу ишда хатокорлардан бўлиб қолмайлик, азизлар.
“Кашфул-маҳжуб” асарида келадики, маърифат тахти ва муомала аҳлининг тожи Бишр ибн Харис Хофий раҳматуллоҳи алайҳнинг дастлабки ҳоли бундай эди: бир куни сархушликдан соллана-соллана юраркан, йўлдан бир қоғоз парчаси топиб олди. Уни ҳурмат билан қўлига олди. Қоғозга “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”, деб ёзилган эди. Қоғозни обдон тозалаганидан сўнг ундан гўзал ҳидлар келадиган қилиб мушку анбарлар сепди ва озода бир ерга қўйди. Ўша тунда тушида Аллоҳ таолони кўрди. Унга бундай хитоб қилди: “Эй Бишр, сен Менинг исмимни хушбўй ҳидлар келадиган қилдинг. Иззатимга онт бўлсинки, Мен сенинг исмингни дунё ва охиратда мушк каби муаттар ҳолга келтираман. Сенинг исмингни эшитган ҳеч бир кимса йўқдирки, отингни эшитгани заҳоти унинг қалбига роҳат-фароғатга тарқалмасин!”
Дамин ЖУМАҚУЛ