Шаржа масжидларидаги Рамазон ойи тадбирларида 170 нафар қорилар иштирок этмоқда
Шаржа Ислом ишлари бошқармаси раҳбари 170 нафар таниқли қорилар Муборак Рамазон ойи тадбирларида қатнашиш учун Амирликдаги масжидларда ҳозир бўлганини маълум қилди.
“IQNA” сайтининг “Sharjah 24” га таяниб хабар беришича, Шаржа Ислом ишлари бўлими раҳбари Aбдуллоҳ Халифа Aс-Субусий матбуот анжуманида Шаржада Муборак Рамазон ойи учун режалаштирилган тадбирлар ва дастурлар тафсилотларини маълум қилди.
Ушбу бўлим турли ихтисослашган муассасаларни жалб қилган ҳолда 20 дан ортиқ лойиҳа ва дастурларни мувофиқлаштиради. Исломий ишлар бошқармаси ушбу дастурларда Қуръон ва Суннат институти, Шаржа халқаро хайрия фонди, Қуръон академияси, Шаржа Қуръон радио ва телевидениеси ва “ал-Қосимия” университети билан ҳамкорлик қилади.
Шунингдек, “Муҳтарам қори” дастури доирасида Шаржа масжидларида Рамазон ойи шом намозининг имомлигига 170 нафар таниқли қорилар ҳозир бўлишди. Aмирликнинг 12 та масжидида “Хатм ал-Қуръон” тиловати тадбири ўтказилмоқди.
Шунингдек, имом-хатиблар томонидан масжидларда ташкил этилган Қуръон каримни ёд олишни рағбатлантириш ва осонлаштириш мақсадида жами 1487 та маъруза ўқилмоқда.
Ушбу маърузалар Қуръон ва Суннат жамғармаси ҳамда Ислом ишлари, вақфлар ва закот бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Шаржа шаҳридаги барча масжидларда шанба ва якшанба кунлари пешин намозидан кейин Қуръон тафсири дарслари ташкиллаштирилмоқда.
У қўшимча қилди: “Шом намозидан кейин Шаржа масжидларида 45 мингдан ортиқ дарс ва маърузалар олиб борилади. Бундан ташқари, араб тилида сўзлашмайдиган кишилар учун ислом қадриятлари ва таълимотларини тушунтириш учун 93 та масжид ажратилади. Бундан ташқари, бир қатор диний дастурлар тақдим этилади.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.