“Дорихона” деган савдо тармоғи
Инсон учун соғлик қадрли. Қадрли нарса эса қийматли бўлади. Шунинг учун ҳамма жойни дори-дармонларнинг рекламаси босиб кетди. Юртимизнинг ҳар қадамидаги дорихоналарни кўрган бир хорижлик меҳмон мезбонидан: “Анови “Дорихона” деган тармоқли дўкон роса яхши фойда қилса кераг-а?” деб сўрабди. Уларнинг дўкон эмас, дорихона – pharmacy эканини эшитганда ёқасини ушлаб, “Шунча кўп дори ичасизми?” деб сўрабди.
Ҳали у интернетда, ижтимоий тармоқларда узлуксиз реклама қилинаётган дори турларини эшитмаган. Улардан ҳам хабар топса, бу халқ фақат дори ичиш учун туғилганми, деб ҳайрати янада зиёда бўларди, албатта.
Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 5-моддасида ахлоқсиз реклама, нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама – ноаниқлиги, бир хил маъноли бўлмаганлиги, бўрттириб юборилиши тақиқланиши белгилаб қўйилган.
Бинобарин, дорилар рекламаси ижтимоий тармоқларни тўлиқ эгаллаб олди. Айниқса, эркакларнинг қувватини оширадиган турли-туман дорилар рекламаси, деярли ҳамма каналларда узлуксиз реклама қилиняпти. Камига энди уларни ўзбек аёллари беҳаё ишоралар билан реклама қила бошлади.
Бу юқоридаги қонун бузилишига оид биринчи мисол. Иккинчиси, рекламада ёлғон, бўрттириб юбориш бўлмаслиги талабининг бузилаётгани: APTEKA TV ва бошқа телеграм каналлар Urionдориси рекламасида“Японияда 5 йилдан буён простатит йўқ. Япониялик таниқли уролог простатит ва простата аденомасини қандай даволаш ҳақида ҳикоя қилади
Мемору Акияма – «Япониянинг энг яхши урологи» унвони соҳиби, Токионинг бош урологи… Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тахминига кўра, дунёда энг яхши уролог”, деб ёзилган.
Бироқ Factchecknet.uz суратдаги инсон Мемору Акияма эмаслигини, у нейрорадиолог, профессор Жун Хатазава эканини аниқлади. Унинг номи бутун дунё бўйлаб ядровий тиббиёт доираларида кенг танилган.
Cancer Information Service маълумотларига кўра, простата саратони 2022 йилда Японияда эркаклар орасида энг кўп учрайдиган саратон бўлиб, қайд этилган ҳолатларнинг умумий сони 96,400 га етган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги “tiara forte” ҳамда “duador” рекламасида 30 та эркакнинг кучини беради дегани – ҳам ёлғон, ҳам бўрттириш. Буни ақли бутун одамнинг ҳаммаси билади.
Хўп, энди ана шу дориларнинг фойдаси қандай? Уларни олиб ичган одам шифо топяптми? Тўғриси, юқоридаги ёлғону бўрттирмаларни кўргандан кейин ҳар қандай одам шубҳага тушади ва уларни харид қилмайди. Шубҳалардан яна бири, уларга санаб ўтган табиий маҳсулотлари сирасига “Viagra” дорисидан ҳам майдалаб, унга айлантириб қўшиб юборган бўлса-чи. “Viagra”нинг қанчалик зарарли эканини кўпчилик билади ва ундан ўзини эҳтиёт қилади.
Ўтган йилнинг бошида Ўзбекистонимизда 19 нафар бола ўлимига сабаб бўлган “Dock-1 Maks” дори воситаси таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди. Эътибор қиляпсизми, ўлим юз берганидан кейин қилиняпти бу тадқиқот. Ижтимоий тармоқларда реклама қилинаётган дориларнинг таркиби ҳам ўрганиляптимикан, ажабо! Масалан, ўлим ҳолати юз бермаган тақдирда ҳам инсонга бошқа зарар етказар, энг камида вақтига ва ҳамёнига…
Шубҳа йўқки, дори савдоси ҳам тижорат ва ризқ топишнинг тўғри йўлларидан бири. Қуръони карим уни чиройли сифатлаб: “Аллоҳнинг фазлидан истайдилар” (Муззаммил сураси, 20-оят), дейди.
Шундай экан, дори савдоси ва рекламаси билан шуғулланувчи азизларимиз Раббимизнинг фазлини истаган ҳолда савдосига ёлғон аралаштирмаса, биринчи галда ўзларига яхшилик қилган бўлардилар.
Дамин ЖУМАҚУЛ