Омонатга риоя қилиш – фарз
Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир”, дея марҳамат қилади (Нисо сураси, 58-оят).
Мусулмон киши ҳар қандай шароитда омонатга риоя қилади. Омонатдорлик осмонлар, ер ва тоғлар залвори туфайли кўтаришдан бош тортган пайтда одамзод зиммасига олган ишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Биз (бу) омонатни (чин бандалик омонатини) осмонларга, Ерга ва тоғларга таклиф этдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди” (Аҳзоб сураси, 72-оят).
Хусусан, ибодатдаги омонат мусулмоннинг фарзларга амал қилишидир. Шунга кўра у диннинг фарзларини лозим бўлган даражада адо этади, намоз ўқийди ва рўза тутади, ота-онани ҳурмат қилади ва бошқа фарзларни оламларнинг Рабби Аллоҳга содиқлик билан бажаради.
Аъзолар муҳофазасидаги омонат деганда, аввало, аъзоларнинг ҳаммаси омонат эканини айтиб ўтиш зарур. Уларни асраб-авайлаш, Аллоҳни ғазаблантирган нарсага ишлатмаслик керак. Кўз ҳаромдан тийилиши, қулоқ эса ҳаромни тинглашдан сақланмоғи керак. Шунингдек, бемор бўлганда даволаниш, танамизни пок ва соғлом сақлаш.
Ишдаги омонат инсон ўз бурчини энг яхши тарзда бажариши ҳисобланади. Ишчи ўз ишини пухта эгаллаб, тиришқоқлик ва ҳалоллик билан бажаради. Шунингдек, аёл ҳам, фарзанд ҳам омонатдир. Уларнинг нафақасини қилиш, бемор бўлсалар, даволатиш, солиҳа, солиҳ қилиб тарбиялаш, хулқу атворларини яхшилаш борасида қайғуриш, буни назорат қилиш омонатга риоя қилиш ҳисобланади.
Орамизда бировнинг мулкини, ўзгага тегишли бўлган буюмни ўзлаштиришга ҳаракат қилаётганлар оз эмас. Ҳаттоки ишонган дўстига “Бу сенга омонат”, деб ҳам панд еганлар бор.
Бир қадрдон инсонимнинг уйига меҳмонга бордим. Келин тушириш арафасида эди. Дастурхондаги ноз-неъматлар орасидаги бир идиш ёнида сал-пал кўриниб турган узук диққатимни тортди. “Опа, мана бу тақинчоқни нега бу ерга
қўйдингиз?” десам, танишим уни кўриб йиғлаб юборди. “Буни қайнсинглим келинимга қилган эди. “Келин-салом”да тақаман, деб ният қилган экан. Қайнсинглим: “Опажоним, бу сизга омонат”, деб менга ташлаб кетганди. Тақинчоқни йўқотиб қўйдим. Кўнглимга гумон тушиб, ўғирлатдим, деб ўйлагандим. Шунча вақтгача кўрмаганимизни қаранг, барака топинг, топиб бердингиз”, деди.
Азизлар, ҳар биримиз зиммамиздаги омонатларга риоя қилайлик! Зеро, омонатга хиёнат қилиш оғир гуноҳ бўлиш билан бирга мунофиқлик белгиларидан бири ҳамдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мунофиқнинг белгиси учта: сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъда қилса, бажармайди, омонатга хиёнат қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилган).
Тўхтанор НУРИДДИНОВА,
Бухоро тумани “Кучкумар” маҳалласи отинойиси
“Мўминалар” журнали, 7-сон, 2024 йил