Қадриятлар унутилмасин
Бугун интернету ижтимоий тармоқлардаги бузуқлик, фаҳш, зўравонлик, енгилтабиатлик ғояларини тарғиб қилувчи видеолар, клиплар, фильмларни кўрган ёшлар орасида ана шу иллатлар кучайиб бораётир.
Афсуски, айрим блогеру вайнерлар ҳам бу иллатларни тарғиб қилмоқда. Уларнинг сўзлари на одоб-ахлоқ, на маданиятга тўғри келади. Видеоларининг умумий мазмуни эса фақат шаҳватга, беҳаёликка, “оломонча кўча маданияти”ни тарғиб қилишга қаратилган.
Ислом ҳар қандай иллатларга муросасиз бўлишга, уларни жамиятда урчишига йўл қўймасликка буюради. Инсон ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам ислоҳига масъул эканини уқтиради. Бу ҳақда Қуръони каримда: «Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар…» дея амр қилинади (Тавба сураси, 71-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар амри маъруф, наҳйи мункар қиласизлар. Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ таоло сизларга Ўзи томондан азоб юборади. Сўнг сизлар дуо қиласизлар. Лекин ижобат қилинмайди”, дея огоҳлантирганлар (Имом Термизий ривояти).
Бугун яхшиликка чақириш, насиҳат қилиш тобора камайиб бораётгандек. Бирор ножўя ишни кўриб: “Менга нима?” қабилида лоқайдларча ўтиб кетаётганлар қанча. Ҳатто ёши улуғларимизда ҳам шу кайфият устунлик қилади. Бу эса жамиятимизда юқоридаги каби иллатларнинг урчишига олиб келмаяптими?! Агар ўша видеоларни тарқатувчи йигит-қизларнинг ота-она, бобо-бувилари насиҳат қилиб, қилаётган ишлари тўғри эмаслигини тушунтирганида, улар бу йўлдан қайтармиди?!
Бу сўзлар ҳар биримизга тегишлидир. Чунки биз ўзимизни ислоҳ қилаётгандирмиз. Лекин аҳли оила, фарзандимиз, ака-ука, яқинларимиз-чи? Уларнинг одоб-ахлоқи, иймон-эътиқоди қай аҳволда?
Муҳаммад ҒОИБОВ,
Сайхунобод тумани “Мулла Негмурод”
жоме масжид имом-хатиби
(Б. Муҳаммадиев уюштирди).
“Ҳидоят” журналидан