Энг яхши сурат
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).
Аллоҳ таоло биз бандаларига мукаммал гўзаллик, ҳусн берган. Набавий табобат ҳам неъматлар орқали соғлом бўлишни тарғиб қилади. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматимга машаққат қилиб қўйишим мумкин бўлмаганида ҳар таҳоратда мисвок тутишларини буюрар эдим”, деганлар. Демакки, танамизни тез-тез парвариш қилиш, маҳсулотлардан фойда олиш керак.
Биз аёллар турли пардоз воситаларидан, табиий маҳсулотлардан фойдаланамиз. Аммо тартибсиз ёки мутахассис бўлмаганларнинг тавсиясига кўра ишлатиш натижасида салбий оқибатлар юзага келади.
Юздаги ва теридаги доғлар, тошмалар нафақат ташқи муҳит натижасида, ички аъзолар касалликлари сабабидан ҳам келиб чиқади. Буни кўп аёллар билмайди, тошмаларни косметолог ёрдамида куйдиради, зарарли дори, пардоз воситаларидан фойдаланади.
Натижада ёндош касалликларни ҳам орттириб олишади.
Бундай вақтларда тажрибали шифокорга мурожаат қилиш, тери парвариши учун танлаётган маҳсулотларнинг табиийлигига эътиборли бўлиш лозим. Айниқса, қуруқ ёки нам об-ҳавода аёлларнинг нозик териларига қуёш нурлари, чанглар зарарлидир. Ҳар бир аёлнинг териси ўзига хос, шу сабаб шифокор-дерматологлардан маслаҳат олиш керак.
Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Beauty EXPO Uzbekistan – 2024” кўргазмасида аёллар мутахассислардан тавсиялар олиш, хорижнинг сифатли ва қиммат маҳсулотларини ҳамёнбоп нархларда харид қилиш имконига эга бўлишди.
– Кўпчилик аёллар ўз саломатлигига эътибор беришмайди. Шифокорга касаллик ўтиб кетганидан кейин боришади, – дейди Москва шаҳридаги “Аrmedika” клиникаси директори, акушер-гинеколог Аржана Бычкова. – Ваҳоланки, ҳар ой тиббий кўрикдан ўтиб, ўзини назорат қилса, касалликларни эрта аниқлаш имкони бўлади. Турли гўзаллик салонларидаги косметологларга эмас, махсус клиникалардаги дерматолог-косметологларга мурожаат қилиш керак. Аксар аёллар ўзидаги табиий кўринишдан қониқмай, юзини ўзгартириш учун мурожаат қилишади. Шундай вақтларда биз мутахассислар гўзаллик табиийликда эканини айтиб, ўзларини парвариш қилишларини тавсия қиламиз. Турли жарроҳлик, косметик ўзгартиришлар уларни гўзал қилиб қўймайди, аксинча, зарар қилган вақтлари ҳам бўлган. Пулингизни ва вақтингизни сунъий гўзалликка сарфламанг! Ундан кўра табиат маҳсулотларидан фойдаланиб, ўзингизга вақт ажратинг ва танангизни парваришланг.
Мазкур кўргазмада 70 ёшда бўлса-да, ниҳоятда ёш кўринган бир аёл диққатимизни тортди.
– Кореяда аёллар тоза тоғ сувини ичади. Танамизнинг асосий қисми ҳам сувдан иборат, – дейди “SEINDNI” компанияси раҳбари Лее Соонжу. – Ҳар бир аёлнинг юзига парвариш керак. Лекин маҳсулотларнинг табиий бўлиши жуда муҳим. Масалан, Ўрта Осиё халқлари қуёш нурларидан ҳимоя қиладиган маҳсулотларни танлашда сифатлисини олганлари маъқул, бўлмаса, юзига доғ тушиб кетади. Сизнинг иқлимингизда юз ва тана терисини парвариш қилиш жуда муҳим. Кўпчилик Корея аёлларининг териси ёшлиги сабабини сўрайди. Бизда табиий маҳсулотлардан кўп фойдаланишади. Ичаётган сув ва таомларимиз ҳам ташқи кўринишимизга таъсир қилади. Юртингиздаги серҳосил далаларни, бозордаги табиий меваларни кўриб, кўзимиз қувнади. Бу юрт аёллари соғлом ҳам гўзал бўлиши учун имкониятлар етарли. Бундан тўғри фойдаланиш керак!
Азиз аёллар, гўзаллигимиз, саломатлигимизнинг қадрига етайлик, уни асрайлик. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «…Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради…» деганлар (Имом Муслим ривояти).
Саодат ҲАМИДОВА,
Олмазор туманидаги 63-сонли Оилавий поликлиника ҳамшираси
“Мўминалар” журнали, 7-сон, 2024 йил
http://hidoyatuz.taplink.ws