Макка музейида дунёдаги энг катта Қуръон карим нусхаси кўргазмага қўйилади
“IQNA” сайтининг “Bawabat Al-Ain Al-Ikhbariya” нашрига таяниб хабар беришича, Ҳиро маданий туманидаги ноёб маданий-маънавий тажриба доирасида Маккадаги Қуръони карим музейида дунёдаги энг катта Қуръони карим нусхаси кўргазмага қўйилади.
Қуръони каримнинг илк оятлари нозил бўлган Жабал ан-Нур тоғи яқинидаги Ҳиро туманида фаолият юритаётган Қуръони карим музейида доимий кўргазма ташкил этилган бўлиб, у бутун дунёдан ташриф буюрувчиларни Қуръони каримнинг нодир нусхаларини ўрганиш ва унинг ёзувининг асрлар давомидаги эволюцияси билан танишиш учун ўзига жалб қилади.
Ўтган Рамазон ойида очилган ушбу музей “Samaya” компанияси томонидан бошқарилади. Кўргазмани ўтказишдан қўлёзмалар тўплами ва интерфаол кўргазмалар орқали Қуръон карим тарихи бўйича кенг қамровли таълим тажрибасини тақдим этиш мақсад қилинган.
“Samaya” компанияси бош директори Фавваз бин Aбдуллоҳ Aл-Мухрижнинг айтишича, музей Қуръони каримни ёзиш ва сақлаш усуллари ҳақида кенг маълумот беради ва шу мақсадда махсус мўлжалланган залда намойиш этилган дунёдаги энг катта Қуръон карим нусхасини ҳамда Қуръон хаттотлигининг ривожланиш босқичларини кўрсатувчи қадимги нусхаларни ўз ичига олади.
И.Аҳмедов тайёрлади.