Россиядан Ислом давлатларига ҳалол гўшт экспорти ортмоқда
2024 йилда Россия исломий мамлакатларга ҳалол товуқ экспортини икки бараварга оширди. Мамлакатнинг мақсади жорий ўн йилликнинг охирига қадар савдо ҳажмини янада оширишдан иборат.
IQNA сайтининг “Рoultryworld” нашрига таяниб хабар беришича, Россия қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Елена Фастова Қозондаги саноат анжуманида 2024 йилда Россиянинг ҳалол озиқ-овқат экспорти ўтган йилга нисбатан 80 фоизга ошгани ва 382 миллион AҚШ долларига етганини маълум қилган.
Товуқ гўшти Россияда ҳалол экспортнинг ярмидан ортиғини ташкил қилади (2024 йилда 211 миллион доллар), бу ўтган йилги 105 миллион доллардан икки баравар кўп.
Фастованинг қўшимча қилишича, Россиянинг ҳалол озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий истеъмолчилари Саудия Aрабистони, Бирлашган Aраб Aмирликлари ва Эрондир. “Жазоир, Қувайт, Иордания ва Мисрга ҳам ҳалол экспортни йўлга қўйишни ривожлантирмоқдамиз”, деди у.
Россияда ҳам ҳалол мувофиқлик сертификатларини олиш муаммоси бор. Фастованинг сўзларига кўра, ҳозирда Россияда 6 хил ҳалол сертификатлаш марказлари фаолият юритмоқда. Жаҳон ҳалол бозори турли сертификатлаштириш тизимларига бўлинган. Саудия Aрабистони, Бирлашган Aраб Aмирликлари, Туркия, МДҲ давлатлари ва Индонезияда ҳалол стандартлари турлича.
Маҳаллий ҳукуматларнинг фикрича, Россия ислом мамлакатларига қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат экспортини кенгайтириш йўлининг бошида турибди. Қишлоқ хўжалиги экспортини қўллаб-қувватловчи давлат агентлиги бўлган “Aгроэкспорт” раҳбари Иля Илюшиннинг айтишича, Россиядан ҳалол озиқ-овқат экспорти салоҳияти йилига 26 миллиард долларга баҳоланмоқда. Россия ҳам ўзининг ҳалол сертификатлаш тизимига эга Малайзия бозорига киришга ҳаракат қилмоқда. Ҳукумат маълумотига кўра, Россиянинг ҳалол озиқ-овқат экспорти камида 2030 йилгача барқарор ўсиб боради.
Елена Фастова таъкидлади: “Қишлоқ хўжалиги вазирлиги экспорт қилувчи компаниялар ва халқаро ҳамкорлар ўртасидаги алоқани самарали ташкил этишга тайёрдир”.
И.Аҳмедов тайёрлади.