Увайс Қараний: Бугун сажда кечаси
Рабиъ ибн Хайсам айтади: “Увайснинг зиёратига бордим. Бомдод намозини ўқиётган эди. Тамомлади, тасбеҳ ўгириб бўлгунига қадар кутиб турайин, дедим. Зуҳогача ўрнидан турмади. Туриб зуҳо намозини ўқиди. Пешиннинг вақти кирди, пешинни ўқиди. Алҳосил, уч кун намоздан туриб ташқарига чиқмади. Емади ҳам, ухламади ҳам. Тўртинчи куни кечга бориб уни янада кўпроқ диққат билан кузатдим. Кўзига уйқу келди. Дарҳол муножот қила бошлади ва: “Эй Раббим, кўп ухлайдиган кўздан, кўп ейдиган қориндан сенга сиғинаман”, деди. Шунинг ўзи менга етади, дедим ва ортимга қайтиб кетдим.
*
Кечалари ҳеч ухламагани хабар қилинади. Бир тунни: “Бу тун қиём тунидир” десалар; кейинги тунни: “Бу кеча руку кечаси”, дердилар; яна бир кечани; “Бу кеча сажда кечасидир” дердилар. Бир тунни қиём, бир тунни руку, яна бир тунни эса сажда билан ўтказдилар. “Эй Увайс, узун тунларни бу ҳолатда ўтказишга қандай чидаяпсан?” деганларида: “Саждада эканимда тонг отиб қоляпти, мен ҳали бир марта Субҳана Раббиал аълани айтиб улгурмасимдан тонг ёришяпти. Ҳолбуки, уч тасбеҳ суннатдир. Буни қилаётганимнинг сабаби малакларнинг ибодатини қилишни истайман”, дедилар.
*
Увайс Қараний ҳазратларига “Қишлоқда бир одам бор. Ўттиз йил олдин бир қабр қазди, кафанини кийди, кечаю кундуз ўша қабрнинг бошида ўтириб йиғлайди”, дедилар. “Мени у ерга олиб боринг”, дедилар. Увайс Қараний ҳазратларини унинг ёнига олиб бордилар. Ўша одам ранги заъфарон, озиб-тўзиб, қуриб қолган, йиғлайвериб кўзлари чуқурлашган ҳолда эди. Қараний ҳазратлари унга: “Эй биродар! Ана шу қабр ва кафан сени ўттиз йилдир Аллоҳдан чалғитди. Сен Аллоҳни ўйлаш, уни зикр этиш ўрнига ўттиз йил қабр ва кафанни ўйладинг”, дедилар. У киши унинг нури билан ўша таҳликани ўзида кўрди ва фарёд қилиб қабрга йиқилди ва жон таслим қилди.
*
Увайс Қараний ҳазратлари уч кеча-кундуз ҳеч нарса емаган эдилар. Тўртинчи куни тонгда ташқарига чиқдилар. Юриб бораётиб ерда ётган бир олтин тангани кўриб қолдилар. Бирор киши тушириб қўйгандир, деб ўйлаб олмадилар. Очликдан силласи қуриб бораётганида бир қўй тўғри ўзига қараб келаётганини кўрдилар. Қўй ўша олтинни тишлаб олган эди. Бирор киши олар-да, дея юзини бурдилар. Қўй тилга кириб: “Мен ҳам сен қули бўлган Зотнинг қулиман. Аллоҳнинг ризқини Аллоҳнинг қулидан ол”, деди. Олтинни олиш учун қўлини узатган эдилар қўй олтинни унинг қўлига ташлади ва ғойиб бўлди.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.