Ҳикоят
Бағдод шаҳрида дуоси мақбул бўладиган бир дарвеш пайдо бўлди. Бу тўғрида Ҳажжожи Юсуфга хабар бердилар. Ҳажжож дарвешни ҳузурига чорлаб:
– Менинг ҳаққимга дуо қил! – деди.
– Ё Раббий, Ҳажжожнинг жонини ол! – деди дарвеш.
Ҳажжож:
– Худо ҳаққи, тушунтириб бер, бу қандай дуо бўлди? – деб сўради.
Дарвеш:
– Бу дуо сенга ҳам ва барча мусулмонларга ҳам фойдали, – деди.
Ҳой зўравон, қачонгача берасан элга озор,
Токайгача қизғин қолар, деб ўйлайсан бу бозор.
Жаҳондорлик бир умрга сенинг учун қўл бермас,
Халққа озор берганингдан ўлганинг яхшидир – бас.
Шайх САЪДИЙнинг “Гулистон”идан