Мисрда таҳсил олаётган юртдошларимиз Ўзбекистон ёшлари кунини кенг нишонлади
Мамлакатимизнинг Қоҳирадаги элчихонаси ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси томонидан “ал-Aзҳар” университетида “30 июнь – Ёшлар куни” га бағишланган ёшлар форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Тадбирда Мисрда таҳсил олаётган ёш юртдошларимиз, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва бошқалар иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда ёш авлодга қаратилаётган эътибор, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди. Мисрдаги ҳамюртларимиз ўз давлати равнақига ҳисса қўшиш имкониятига эга экани, Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр экани таъкидланди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси дунё бўйлаб, жумладан, Мисрдаги ватандош талабаларни бирлаштириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.
Бундан ташқари, юртдошларимизга элчихонанинг консуллик бўлими томонидан кўрсатилаётган консуллик ва юридик хизматлар ҳақида маълумот берилди.
Тадбир доирасида талабалар ўртасида интеллектуал ўйинлар ва викторина ўтказилди. Уларда фаол иштирок этган иштирокчилар муносиб тақдирланди.
И.Аҳмедов тайёрлади.