Ҳиндистонлик 9 ёшли бола Қуръони каримни тўлиқ кўчирди
IQNA – Ҳиндистонлик 9 ёшли бола икки ярим йил ичида Қуръони каримни тўлиқ қўлда ёзиб чиқишга муваффақ бўлди.
IQNA сайтининг “al-Sharq” нашрига таяниб хабар беришича, Ҳиндистоннинг Керала шаҳрида яшовчи 9 ёшли Муҳаммад Мадлаж ёшлигидаёқ Қуръони карим билан чуқур боғлиқлиги ва ижодий руҳини намоён этган ўзига хос жасорат кўрсатиб, икки ярим йиллик узлуксиз ва пухта меҳнати натижасида Қуръони каримнинг тўлиқ нусхасини ўз қўли билан кўчириб ёзишга муваффақ бўлди.
Ёш маҳоратли бола Муҳаммад Мадлаж 2022 йил декабрь ойида етти ёшгача бўлган болалар ўртасида ўтказилган маҳаллий танловдан илҳомланиб, эндигина олти ёшга тўлганида, Қуръон каримни қўлда ёзиш ишига киришган эди. У араб хаттотлиги ва унли товушларнинг аниқ жойлашуви тамойилларига амал қилган ҳолда ҳар куни бир соатни Қуръони каримни қалам билан A4 форматли қоғозга кўчиришга бағишлади.
Оиласи унга муносиб шароит яратиб, ишининг боришини диққат билан кузатиб борди. Онаси унинг қўлёзмаларини текшириб, 2025 йил 26 май куни Қуръон каримни қайта ёзиш лойиҳаси тугагунига қадар керакли тузатишларни киритди. Қайта ёзилган Қуръон карим нусхаси матнининг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш учун Қуръон каримни ёддан билган кўплаб қорилар ва қориялар томонидан синчиклаб текширилди. Қуръон карим бўлимлари матннинг тасдиқланган Мусҳафи шарифга мос келишига ишонч ҳосил қилиш учун икки ой давомида бир неча марта кўриб чиқилди.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.