Сунъий интеллект; Миср “Дорул ифто” Фатво уюшмаси халқаро анжумани диққат марказида
Миср “Дорул ифто” Фатво уюшмаси сунъий интеллект ва фатволар бўйича ўзининг X халқаро конференциясини ташкил этишини маълум қилди. “ИҚНA” сайтининг “Сада ал-Балад” электрон нашрига таяниб хабар беришича, Миср “Дорул ифто” Фатво уюшмаси халқаро конференцияси 2025 йилнинг 12 ва 13 август кунлари “Сунъий интеллект асрида бош муфтий тайёрлаш” мавзуси остида “Дорул ифто” котибияти ва халқаро фатво ҳайъатлари билан ҳамкорликда ўтказилишини маълум қилган.
Конференцияда юздан ортиқ давлатларнинг бош муфтийлари, вазирлари ва юқори мартабали мутасадди масъуллари иштирок этади ва кенг доирадаги халқаро ва исломий анжуманга гувоҳ бўлади.
Мисрнинг X халқаро “Дорул Ифто” конференцияси бутун дунё бўйлаб “Дорул Ифто” котибияти ва халқаро фатво ҳайъатлари ташкил этилганининг 10 йиллигига тўғри келмоқда. Ушбу ҳайъат дунёнинг турли мамлакатларидаги 111 та муассасани ўз ичига олади ва улар дунёдаги фатво марказлари ўртасида ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.
Бу борада Миср муфтийси Назир Aйяд шундай деди: “Диний муассасалар, хусусан, фатво марказлари учун мисли кўрилмаган қийинчиликлар туғдираётган тез технологик ўзгаришларни инобатга олсак, бу йилги конференция жуда муҳим даврга тўғри келди. Шунингдек, конференция замонавий воситалардан фойдаланиш, рақамли ишланмалар, сунъий интеллектни мантиқий ва масъулиятли йўналишларда қўллаш бўйича билимли, малакали ва салоҳиятли муфтий тайёрлашнинг аниқ тамойиллари ва асосларини белгилашдан иборат”.
Миср муфтийси яна шуни таъкидлади: “Конференциянинг икки кунлик сессияларида турли мавзулар, жумладан, муфтийнинг илмий таржимаи ҳоли, рақамли асрдаги фатво воситалари, рақамли платформалар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш қонун-қоидалари, шунингдек, жаҳондаги баъзи фатво уюшмаларининг бу борадаги қимматли тажрибалари намойиш этилади”.
Манбалар асосида Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.