Жакартада “Умра плюс” дастурини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон ва Индонезия авиация тузилмалари ўртасида фуқаро авиацияси ва зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги шартнома имзоланди.
Ушбу ҳужжат 2030 йилгача ҳаво қатновини 4 баробар оширишни назарда тутувчи “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 53-мақсадини амалга ошириш доирасида қабул қилинган.
Жакартада бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимиз Транспорт вазирлиги делегацияси аъзолари ҳамкорларга Фуқаро авиацияси ва Зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумотларни тақдим этди. “Умра плюс” дастурини ривожлантириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Музокаралар якунлари бўйича ҳаво қатнови бўйича икки томонлама келишув доирасида авиакомпаниялар сони ва йўналишларига қўйилган чекловларни бекор қилиш бўйича келишувга эришилди.
Эришилган келишув асосида ҳар икки томоннинг авиакомпаниялари учун белгиланган рейслар частотасини 28 тагача оширишга қарор қилинди. Индонезия авиакомпанияларига Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларидан фойдаланишга рухсат берилди.
И.Аҳмедов тайёрлади.