Марокаш Вақфлар вазирлигининг 48 000 имомни тайёрлаш дастури
Марокаш Вақфлар ва ислом ишлари вазирлиги 3 йил давомида 48 минг имомни тайёрлаш бўйича ўзининг улкан дастурини эълон қилди.
“IQNA” сайтининг “Aрабий 21” электрон нашрига таяниб хабар беришича, Марокаш Вақфлар ва Ислом ишлари вазирлиги уч йиллик (2024-2026) таълим режаси орқали диний етакчиларнинг илмий ва когнитив компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли таълим дастури бошланганини эълон қилди. Ҳар йили 48 000 га яқин масжид имомлари ушбу дастурдан фойдаланадилар.
Марокашнинг Вақфлар ва ислом ишлари вазири Aҳмад Тавфиқ парламент аъзосининг саволига жавоб берар экан, мазкур дастур Уламолар Олий Кенгаши назорати остида амалга оширилаётгани ҳамда имом-хатиблар учун академик таълим, уларнинг мулоқот ва бошқарув кўникмаларини мустаҳкамлаш, ихтисослаштирилган тайёргарликни ўз ичига олганини таъкидлади.
2025 йилда бўлиб ўтган сессияларда имом-хатибларнинг иштироки таклиф этилганларнинг қарийб 94,5 фоизини ташкил этгани мазкур ташаббус муваффақиятли ўтгани ва сессияларда кенг иштирок этаётганидан далолатдир.
Вазирлик, шунингдек, Муҳаммад VI Имом-хатибларни тайёрлаш институтининг 2026 йил учун йигирма иккинчи курсига рўйхатга олиш бошланганини эълон қилди. Ушбу курсда 150 нафар имом иштирок этади, қабул қилиш шартлари эса бакалавр ёки унга тенглаштирилган олий маълумотга эга бўлиши, ёши 45 дан кичик бўлиши ва Қуръон каримни тўлиқ ёддан билиши шарт.
Ушбу институтда ўқиш муддати 12 ой бўлиб, бу даврда талабалар ҳар ойда 2000 дирҳам стипендия оладилар ва битирувчиларнинг меҳнат шартномаси бўйича масжидларга ишга жойлаштирилиши кутилмоқда.
Марокашнинг Вақфлар ва ислом ишлари вазирлиги томонидан назорат қилинадиган имомларни тайёрлаш дастури Марокаш Қироллигидаги диний ислоҳотларнинг асосий элементларидан бири бўлиб, ушбу дастурнинг мақсади диний етакчиларни ушбу қиролликдаги мўътадил диний тақво тамойилларига мувофиқ ҳуқуқий ва коммуникатив билимлар билан жиҳозлашдан иборат. Ушбу таълим дастури расмийларининг таъкидлашича, бу Марокаш жамиятида мўътадил диний қадриятларни тарғиб қилиш ҳамда алоқа ва технология соҳасидаги замонавий ўзгаришларга мос келадиган стратегик қадамдир. Ушбу дастур орқали Марокаш Қироллиги замонавий муаммоларга дош беришга ва миллий-диний ўзига хосликни сақлаб қолишга қодир бўлган янги авлод диний етакчиларни тайёрлашни мақсад қилган.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.