“Ҳасан Иккинчи” жомеси
Анъанавий масжидларнинг замонавий талқини намунаси Касабланкадаги жоме биносидир. Марокаш қироли Ҳасан Иккинчининг шуҳратпарастликка йўғрилган буюртмаси дунёдаги энг ғарбий масжидни барпо этишдангина иборат бўлмаганди, бу масжид катталик жиҳатдан Макка мукаррамадаги Масжидул Ҳаромдан кейин иккинчи ўринда бўлиши керак эди. Танлов якунлари бўйича буюртма француз Мишел Пинсо меъморчилик бошқармасига берилди ва лойиҳалаш ва қурилиш ишлари 1986–1993 йилларда амалга оширилди.
Марокашда кўп йиллар ишлаган Пансо “(У пайтда) Арши сув устида эди” (Ҳуд сураси, 7-оят) оятидан илҳомланиб, бинонинг пойдеворини океаннинг – уммоннинг ичига киритди, сув кўтарилишига қарши ясалган сунъий тўсиқ ўрнатилгани ва намозхонанинг нақд сувнинг устидан қурилгани ҳамда полнинг шишали ашёлардан қилингани туфайли масжид ичида ўтирган киши оёғи остида тўлқинланаётган сувни бемалол томоша қила олади.
Меъмор маҳаллий бадиий анъаналарни синчковлик билан ўрганиб чиққан ва бинони эл орасида машҳур иқтибослар билан тўлдирган, замонавий диний бино иншоотига мусулмон меъморчилигига хос ёндашган ва Мағриб меъморчилигининг ўзига хос қомусини яратган. Бир вақтнинг ўзида йигирма минг кишини сиғдира оладиган намозхонанинг қиёфаси марокаш мумтоз масжидларига монанд ҳолда Дамашқдаги умавийлар масжиди услубида қилинган. Масжид олдидаги очиқ майдон яна 80 000 намозхонга мўлжалланган бўлиб, унда Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди тўғрисидаги Ибодатхона тоғидаги ҳудуд андозаси қўлланилган. Бадиий безак беришда рим, араб ва мавритан ёдгорликларига асосланилган. Театр ва спорт иншоотларига ўхшатиб томларнинг суриладиган қилингани ўнғай фаслларда очиқ ҳавода ибодат қилишга ҳам шароит яратади. Шунинг билан бирга, бадиий классикадан миллий анъаналар четга сурилмасдан фойдаланилган. Пинсо бутунлай янги меъморий қиёфа яратишга муваффақ бўлган: масжиднинг ҳовлиси тўртбурчак эмас, учбурчак шаклда бўлиб, учи шарққа қаратилган-ки, бу масжидни Африка қирғоғида турган кема билан солиштиришга имкон беради.
210 метр бўлган минора нафақат энг баланд минора унвонига эга, балки у Ҳасан Иккинчи масжиди дунёдаги энг баланд диний бино эканини таъминлайди (таққослаш учун, энг баланд черковлардан бири Кельн черкови минорасининг баландилиги 157 метр). Қоронғи тушганда минорага ўрнатилган лазер чироғи яшил ёғдусини Макка томонга сочади.
Замонавий меъморий дурдона Касабланканинг энг диққатга сазовор жойига айланган. Бироқ мусулмонлар жамоаси янги масжидни ўта эҳтиёткорлик билан қабул қилган: намозхонлар полдаги ойна таги сув тўлқинланиб турганини кўриб чўчиб кетишган. Шу боисдан у жойлар кейинчалик ўраб қўйилган. Шунингдек, сайёҳлар томонидан ёдгорликни зиёрат қилиш учун алоҳида режим ўрнатиш зарур бўлган. Бундан ташқари, масжид очилгандан сўнг дарҳол уни океан тўлқинлари ювиб кетмаслиги учун қўшимча мустаҳкамлаш ишлари талаб қилинган.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.