Гўдакларга зулм қилишдан сақланайлик
Бир куни мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Мадинаи мунаввара кўчаларида чопқиллаб юрган ёш болани кўриб қолди. Ва унга:
– Эй бола! Ҳаққимизга дуо қилгин, Аллоҳ таоло бизга раҳм қилсин, – деди. Шунда саҳобалар:
– Эй мўминлар амири, гўдакдан дуо сўраяпсизми? Ахир сиз жаннат башорат қилинган ўн кишидан бирисиз-ку! – дея ажабланишди.
Шунда ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу:
– Ҳа, мен ундан дуо қилишини сўраяпман, чунки у балоғат ёшига етмаган. Ҳали унинг амаллар китобига қалам юргизилмаган. Шунинг учун унинг дуоси қабул бўлади. Аммо биз мукаллаф ёшдамиз, бизнинг устимиздан қалам юргизилган, – деб жавоб қилди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: “Эй инсонлар, болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир” (Исро сураси, 31-оят).
Оятда зикр қилинган салбий ҳолатлар жоҳилият даври билан боғлиқ бўлса-да, бугунги кунда фарзандларига зулм қилаётган ота-оналар учраб туради.
Фарзанд Аллоҳ таоло ато этган улуғ неъмат бўлиб, ота-она доим унинг шукрини адо қилиши лозим. Баъзан арзимаган сабабларга кўра ҳомиласини олдираётган, чақалоғини сотаётган ёки уни пана жойларга, чиқиндихоналарга ташлаб кетаётган, эри билан жанжаллашиб, болаларининг жонига қасд қилаётган аёллар ҳақида эшитамиз.
Тўғри, бунда масъулиятсиз эркакларнинг ҳам айби бор. Улар ҳам бу гуноҳга шерик. Лекин оналик бахтига етишган аёл ўз фарзандини сотмаслиги, ҳалокатга маҳкум этиб, ташлаб кетмаслиги, унинг жонига қасд қилмаслиги керак!
Бу муаммонинг ечими, аввало, гуноҳлардан сақланишдир. Одоб-ахлоқ ва ҳаёни лозим тутиб, никоҳ билан ҳалол-пок оила қуриб яшаш, эр-хотин ўзаро келишув билан ҳуқуқ ва бурчларига риоя қилиши икки дунё саодатига эриштиради.
Олимларнинг ҳисоб-китобича, Ер юзида бир сонияда икки гўдак дунёга келади. Демак, ҳар сонияда икки нафар аёл оналик бахтига муяссар бўлади.
Эй айрим бағритош аёллар! Фарзандингизга шафқат қилинг! Оналикнинг комил сифатига ва ажру савобига эришиш учун болангизни эмизинг! Болангизнинг тарбияси билан ўзингиз шуғулланинг! Унутманг, оналик улкан масъулиятдир. Ундан бош тортманг! Ҳатто ақлсиз мавжудотлар ҳам туғиб, боласини қаровсиз ташлаб кетмайди. Жўжасини қаровсиз қолдирган бирор паррандани кўрганмисиз? Наҳот тилсиз ҳайвончалик оналик туйғусига эга эмассиз? Агар ўзингизни чин мусулмон деб билсангиз, гўдакларга зулм қилишдан сақланинг. Аксинча, уларга гўзал таълим-тарбия бериб, дуо қилишга ўргатинг. Иложини топсангиз, уларнинг дуоларини олинг.
Отабек ЙЎЛДОШЕВ,
Фориш тумани бош имом-хатиби
“Мўминалар” журнали, 11-сон, 2024 йил