Биз сизни севамиз, ё Расулуллоҳ!
Қалбимизда мангу муҳаббатингиз бор,
Биз сизни севамиз, ё Расулуллоҳ.
Оламни золимлар этса бизга тор,
Биз сизни севамиз, ё Расулуллоҳ.
Қасам этамизки, Макка, Минога,
Қутлуғ маконларга – Турга, Синога,
Бутун коинотга, аршга, самога,
Биз сизни севамиз, ё Расулуллоҳ.
Шоҳиддир қалбларга буюк Яратган,
Иқрор бердик Ҳаққа Қолу балодан,
Нурингиз, юксалди Аршга Ҳиродан,
Биз сизни севамиз, ё Расулуллоҳ.
Биз сизни севамиз жону кўнгилдан,
Ифорингиз олмиш очилган гулдан,
Валлоҳи, гўзалсиз, сусан, сунбулдан,
Биз сизни севамиз, ё Расулуллоҳ.
Сизсиз Яратганнинг энг азиз қули,
Сизсиз аршнинг, сизсиз беҳиштнинг йўли,
Илоҳий илмга тўласиз, тўла,
Биз сизни севамиз, ё Расулуллоҳ.
Нурингиздан яратди Раббим жаҳонни,
Ёрдамга юборди сизга Фурқонни,
Нозил этди бизга азиз Қуръонни,
Биз сизни севамиз, ё Расулуллоҳ.
Сизсиз намоз, сизсиз ниёз ботилдир,
Сизсиз беҳишт, сизсиз жаннат бекордир,
Йўлингизда учраган тиконлар гулдир,
Биз сизни севамиз, ё Расулуллоҳ.
Исо қурбон бўлсин, гўзал отингизга,
Муҳаммад мустафо, пок зотингизга,
Ета олмасак ҳам сизнинг пойингизга,
Биз сизни севамиз, ё Расулуллоҳ.
Исо Сабоҳат Мандавий
Таржимон: Робия ЖЎРАҚУЛОВА