Ихлос
Ихлос риёнинг зиддидир, яъни ҳар бир амални холис Аллоҳ таоло учун адо этишдир. Ҳар бир мусулмоннинг сифати, хулқи бўлиши керак.
Шунинг учун Одам алайҳиссаломдан то қиёматгача яшайдиган ҳамма иймонли банда ихлосли бўлишга буюрилган. Ким ихлосли бўлса, нажот топади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад!) Албатта, Биз Сизга бу Китобни ҳақиқатан нозил қилдик, бас, Сиз Аллоҳга – динни Унга (ширкдан) холис қилган ҳолда ибодат қилинг! (Эй инсонлар!) Огоҳ бўлингизки, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир…» (Зумар сураси, 2-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Аллоҳ таоло марҳамат этади: “Менинг шерикчиликка эҳтиёжим йўқ. Ким бирон амал қилиб, унда Мен билан бошқани шерик қилса, уни шерик қилган нарсаси билан бирга қолдираман”» (Имом Муслим ривояти).
Амалларини холис Аллоҳ таоло учун қиладиган бандалари амаллари оз бўлса-да, ажр-мукофоти кўп бўлади. Чунки амалларнинг афзали кўп ё камлигида эмас, балки ихлос билан адо этилишидадир.
Шайх Дувайш айтади: “Агар амалларингда ихлос бўлмаса, беҳуда чиранма. Ихлос дарахтининг илдизи мустаҳкам, риё дарахт илдизига тушган қуртдир. У кунларнинг бирида дарахтни қулатиши мумкин”.
Аллоҳ таоло бизларни риёдан узоқ, ихлосда собит қилсин. Омин.
Алимардон КАРОМАТОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
таълим муассасаси талабаси
“Ҳидоят” журналидан
http://hidoyatuz.taplink.ws