“Лангар ота” масжиди
Қамаши туманидаги мазкур обида қайси даврда қурилгани ҳақида турли фикрлар айтилган. Аммо масжид меҳробида сақланиб қолган ёзувларни ўқиган рус шарқшуноси Михаил Евгеньевич Массон (1897-1986) уни 1516 йил Лангар ота – Шайх Муҳаммад Содиқ ал-Ишқий ал-Лангарий (вафоти 1545) яшаган даврда қуриб битказилган, деган хулосага келган.
Масжид асрлар силсиласида кўп бора таъмирланган. Ана ўшандай таъмирлаш ишлари 1748 ва 1807 йиллари амалга оширилганига меҳробда сақланиб қолган ёзувлар гувоҳлик беради.
Ушбу жоме меъморий ечими, ўзига хос услубда қурилгани, бадиий безаклари, бетакрор нақшлари ва ҳуснихат ёзувлари билан Марказий Осиё меъморчилиги санъатида алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, масжиднинг ғарбий томонидаги қадимий кичик хонаси деворлари дастлаб хом ғиштдан терилган. Ичкарига эса тўртта бақувват устун ўрнатилган. Кейинги таъмирлаш жараёнида хом ғиштнинг юзасидан пишиқ ғишт терилган. Сўнг девор ганч сувоқ билан сувалган ва нақш солинган. Шифти васса билан ёпилган. Масжид меҳроби нозик дид ва катта маҳорат билан безатилган. Меҳроб атрофига сулс хатида ояти карималар ёзилган. Мовий фонга оқ рангдаги ёзувлар битилган ранг-баранг кошинлардан яратилган ажойиб мозаика ҳар бир кишининг диққатини тортади. Масжиднинг ички деворлари ҳам нафис ва бетакрор бадиий безакларга бой.
Айвондан масжидга кирадиган жойга нақшинкор, икки табақали эшик ўрнатилган. Ана шу эшик ёғоч ўймакорлик санъатининг нодир нусхаларидан саналади.
Меҳробнинг тепа қисмида тавҳид калимаси, ўнг ва чап томонида Марям сурасининг 11-ояти ва бошқа ёзувлар сақланган.
Масжид деворларининг юқорисида ҳам катта маҳорат билан ёзилган нақшбитиклар бор. Масжид деворларида юлдузсимон нақшлар мавжуд бўлиб, уларга олтин суви югуртирилган. Қишлоқ оқсоқоллари юлдузларнинг ичида бир вақтлар қимматбаҳо тошлар бўлгани, кейин бу тошларни кимлардир ўғринча ўпириб олиб кетганини айтиб юришади.
Ҳозирги кунда ҳам масжидда Лангар аҳолиси ва ушбу табаррук масканга зиёратга келган меҳмонлар ибодат ва зиёрат қилишади.
Робия ДАМИН қизи
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 13-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws